Самарқанд шаҳрида бир фуқарони 50 минг долларга АҚШга, яна бирини 24 минг долларга Канадага юбормоқчи бўлган шахслар қўлга олинди, дея хабар қилмоқда ЎзА.

Қайд этилишича, ДХХ тезкор тадбирида Самарқанд шаҳрида яшовчи шахс ўзининг танишлари ёрдамида, Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқарони АҚШга юбориш эвазига 35 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Самарқанд шаҳрида яшовчи шахс ҳамшаҳари бўлган аёлнинг ишончига кириб, 50 минг АҚШ доллари эвазига у ва унинг 2013 йилда туғилган қизини «Ўзбекистон — Европа Иттифоқи — Мексика — АҚШ» йўналиши орқали Қўшма Штатларга юборишни ваъда қилиб, зарур бўладиган ҳужжатларни расмийлаштириш учун олдиндан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланди.

Бошқа бир ҳолатда эса Самарқанд шаҳрида яшовчи аёл Булунғур туманида истиқомат қилувчи, 1984 йилда туғилган фуқаро ва унинг 1986 йилда туғилган қариндошини 24 минг АҚШ доллари эвазига танишлари ёрдамида Канада давлатига ишга юборишни ваъда қилиб, олдиндан 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.