Сенатнинг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлисида Музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари юзасидан Маданий мерос агентлигига парламент сўрови юбориш масаласи ҳам муҳокама этилди, дея хабар қилмоқда юқори палата матбуот хизмати.

Ушбу масала Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан олиб чиқилди.

Таъкидланишича, мамлакатимизда бугунги кунда фаолият олиб бораётган 48 та давлат музейи ва уларнинг 73 та филиалида қарийб 2,5 млн музей ашёлари ва коллекциялари сақланмоқда.

Ялпи мажлисда музейлар соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда номувофиқликлар мавжудлиги аниқланган. Жумладан, давлат музейлари, музей қўриқхоналари ва уй музейлари, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Маданий мерос агентлигига ўтказилган бўлсада, «Музейлар тўғрисида»ги Ўзбекистон қонунида Агентликнинг бу борадаги ваколати белгиланмаган.

Шунингдек, музейлар фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тарқоқлиги, уларнинг сони 100 дан ортиқни ташкил этиши айтилди.

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш ва сақлаш тартиби белгиланган бўлсада, ушбу фондга киритилмаган 1,2 миллионга яқин музей ашёлари ва коллекцияларини ҳисобга олиш ва сақлашнинг аниқ тартиблари мавжуд эмас.

Давлат каталогининг электрон шаклини яратиш борасида муайян ишлар олиб борилган. Бироқ, Давлат каталогининг босма маълумотлари ҳали шакллантирилмаган.

Музейларга 2022 йил давомида ташриф буюрганларнинг 75 фоизи асосан 6 та музейга, 25 фоизи эса қолган 43 та музей ва уларнинг филиаллари ҳиссасига тўғри келган.

«Мазкур ҳолат аксарият музейларда тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлигини англатади», — дейилади Сенат хабарида.

Муҳокама сўнгида Маданий мерос агентилигига қайд этилган муаммо ва камчиликлар юзасидан ёзма равишда асослантирилган тушунтириш бериш талаби қўйилган парламент сўровини юбориш қарори сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланди.