Март ойида улгуржи истеъмолчилар томонидан 76,3 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, вазирлик ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда газ таъминоти корхоналари билан ҳамкорликда назорат тадбирлари ўтказилган.

Жараён давомида март ойида 559 та ҳолатда улгуржи истеъмолчилар томонидан 79 млн куб метр (76,3 млрд сўм) ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

Газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари асосан:

  • Бухоро вилоятида 24,3 млн куб метрни (24,2 млрд сўм);
  • Фарғона вилоятида 19,3 млн куб метрни (19,3 млрда сўм);
  • Жиззах вилоятида 9,9 млн куб метрни (10 млрд сўм);
  • Самарқанд вилоятида 10,1 млн куб метрни (8,5 млрд сўм);
  • Тошкент шаҳрида 7,1 млн куб метрни (7,1 млрд сўм) ташкил этган.

Ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари истеъмолчилар тоифаси бўйича:

  • АГТКШларда 22 та ҳолатда (41,7 млрд сўм);
  • иссиқхоналарда 17 та ҳолатда (1,1 млрд сўм);
  • бошқа ишлаб чиқариш корхоналарида (асфальт, оҳак, гипс, чинни маҳсулотлари, нон маҳсулотлари) 90 та ҳолатда (24,9 млрд сўм);
  • умумий овқатланиш шохобчаларида 54 та (1 млрд сўм) ҳолатлар аниқланган.

Ҳолатлар юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.