6 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев ёшлар сиёсати ва спортни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Янги тизимга кўра, ёшлар ўртасида фестиваль, форум, танлов ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни ягона йиллик календарь режа асосида ўтказиш жорий қилинади ва бу бўйича маълумотлар yoshlarportali.uz ягона электрон платформасига жойлаштириб борилади.

Таъкидланишича, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги таркибидаги 3 та давлат унитар корхонаси фаолияти мақбуллаштирилиб, уларнинг функцияси хусусий секторга ўтказилади.

Давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш мақсадида соҳадаги 24 та йўналишни қамраб олган ERP Sport ягона электрон бошқарув тизими ишга туширилади. Келгуси йилдан бошлаб мусобақаларда қатнашадиган спортчиларнинг шахси ва малакасини идентификация карталари орқали аниқлаш тартиби жорий этилади. Спортга ҳомийлик кўрсатган жисмоний шахсларга чет эллардаги турнирларда иштирок этиш имконияти берилади. Бунинг учун улар ўртасида лотерея ўйинлари ўтказилади.

Соҳа вакилларини қўшимча рағбатлантириш мақсадида вазирликнинг стипендияси жорий этилмоқда. Шунингдек, спортчиларга ҳуқуқий, тиббий хизматлар кўрсатиш тадбирлари ҳам назарда тутилмоқда, дейилади хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда футбол энг оммавий спорт тури бўлгани сабабли бу йўналишни ривожлантириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. ФИФАнинг махсус дастури асосида боғча ва маҳаллаларда «Оммавий футбол», ўрта таълимда «Мактабларда футбол» ҳамда олий ўқув юртларида «Талабалар лигаси» дастурларини жорий қилиш таклифини берилди.

Иқтидорли футболчиларни танлаш ва тайёрлашнинг узвийлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида 14 та футбол мактаби, «Дўстлик» стадиони негизида барча ёш тоифалари учун терма жамоалар маркази ташкил этилади. Футбол бўйича мутахассисларни тайёрлаш маркази фаолияти такомиллаштирилиб, Хорватия, Япония ва бошқа давлатлардан мутахассислар жалб қилинади.

Соҳа инфратузилмасини ривожлантириш учун Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тузилади. Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳудудий футбол ассоциацияларининг раҳбарлари этиб белгиланади.

Давлат раҳбари бу таклифларни қўллаб-қувватлаб, уларни самарали амалга ошириш юзасидан кўрсатмалар берди.