Тошкент вилоятида авария ҳолатидаги ва маънан эскирган 23 та кўп квартирали уй реновация қилинади. Бу ҳақдаги вилоят ҳокимлиги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Келтирилишича, республика бўйича эксплуатация муддатини ўтаб бўлган ва маънан эскирган кўп квартирали уйларни инструментал ўрганиш ва реновация қилиш тўғрисида 2021 йилда президент ҳам қарор қабул қилган. Тошкент вилоятидаги эскирган ёки яроқсиз кўп квартирали уй-жой фонди хатловдан ўтказилганда 23 та уй авария ҳолатида деб топилган. У ерда яшовчи фуқаролар ҳам янги уй-жой қуриб беришлари учун мурожаатлар қилган.

Қарор лойиҳасига кўра, Тошкент вилояти ҳокимлиги 10 кун муддатда реновация қилиниши белгиланган уй-жойлар ўрнида Ўрта Чирчиқ, Бўстонлиқ туманларида қаватлар сони бешдан, Чирчиқ, Олмалиқ шаҳарлари, Қибрай туманида қаватлар сони еттидан кам бўлмаган замонавий уй-жой қуриш учун талабгорларни аниқлайди ва лойиҳаларни электрон тендер савдоларига чиқаради. 1 ой ичида янги уйларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқади.

Бузиладиган бинолардан чиққан яроқли қурилиш материаллари лойиҳа ташаббускорлари тасарруфида қолади. Олмалиқ шаҳри бош плани ишлаб чиқилгани ҳисобга олган ҳолда кўп кваритрали уй-жой «Янги Ўзбекистон» массивидан бош планга мувофиқ қурилади.

Уйи бузиладиган фуқароларга янги кўп квартирали уйлардан «фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш» шарти асосида бузилган хонадон майдонига тенг ёки ундан кам бўлмаган квадрат метрдаги хонадон ажратилади. Унгача мулкдорлар 11 ой ўша тумандаги бошқа ҳудудларда ижарада яшаб туради.

Бу туман/шаҳар ҳокимиятининг маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ёки ташаббускор тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Агар уларнинг қуриладиган янги уйи ўз вақтида битмаса, ижара лойиҳа ташаббускори маблағи ҳисобидан қопланади.

Мулкдорларга ўринга-ўрин ажратишдан ортган квартиралар реализация қилинади, бунда ипотека кредити бўйича субсидия хабарномасини олган фуқароларга устуворлик берилади.

реновация, тошкент вилояти, турар-жой, қарор лойиҳаси

реновация, тошкент вилояти, турар-жой, қарор лойиҳаси

Мазкур қарор лойиҳасига 20 апрелга қадар regulation.gov.uz порталида таклиф қолдириш мумкин.