Сенатнинг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлисида «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилди.

Таъкидланишича, бугунги кунга қадар давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат жиноят ишларини юритишда кўрсатилиб, маъмурий ва фуқаролик ишларида назарда тутилмаган ҳамда юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этишнинг шаффоф механизми жорий этилмаган.

Ушбу соҳани мувофиқлаштирувчи ягона органнинг белгиланмагани эса кам таъминланган фуқароларнинг Конституцияда кафолатланган малакали юридик ёрдамдан тўлиқ фойдалана олмаслигига, коррупциявий омиллар пайдо бўлишига олиб келиши билан бир қаторда, бюджет маблағларининг сарфланиши устидан назорат ўрнатилишига ҳам тўсқинлик қилган.

Муҳокама қилинган қонун билан юқорида қайд этилган муаммолар ўз ечимини топиши кўзда тутилмоқда.

«Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахсларнинг доираси ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик ва маъмурий ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари кенгайтирилмоқда», — дейилади Сенат хабарида.

Шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни инсон омилисиз электрон тизим орқали танлаш тартиби ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрини юритишнинг очиқ ва шаффоф механизмлари жорий этилмоқда.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.