Таниқли журналист, сиёсий дастурлар муаллифи Соҳибжон Алижонов 55 ёшида вафот этди, дея хабар бермоқда Журналистлар уюшмаси матбуот хизмати.

Соҳибжон Алижонов 1968 йилда Фарғона вилоятининг Бағдод туманида туғилган. 1992 йилда Тошкент давлат маданият институтининг Маданий-маърифий ишлар ходими мутахассислигини, 2003 йилда президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини давлат ва жамият қурилиши мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Фаолиятини «Ёшлар» телерадиоканали «Давр» ахборот дастурлари муҳарририятида оддий муҳаррирликдан бошлаган ва 2006 йилнинг август ойидан 2015 йилга қадар ушбу муҳарририятнибош муҳаррир сифатида бошқарган. 2015−2017 йилларда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Маҳалла» телерадиоканалининг директори, 2017−2019 йиллар давомида «Toshkent» телерадиоканали ва «O‘zbekiston 24″ телерадиоканали» давлат унитар корхоналарида масъул лавозимларда фаолият юритган.

2019 йилдан ҳозирги кунга қадарЎзбекистон миллий телерадиокомпаниясини «Аҳборот-таҳлил мультимедиа маркази» давлат муассасасининг директори лавозимида ишлаб келаётган эди. У 2020 йилда «Дўстлик» ордени ва бир қатор кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

Журналист Муслим Мирзажоновнинг Twitter`да ёзишича, унинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган.