Сенатнинг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлиси 6 апрель куни чақирилади, дея хабар бермоқда юқори палата матбуот хизмати.

Қайд этилишича, видеоконференсалоқа шаклида ўтказиладиган мазкур мажлисда бир қатор қонунлар ва масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган. Хусусан, «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига Ўзбекистон Республикасининг давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонунлар кўриб чиқилади.

Шунингдек, «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун ҳам муҳокамада бўлади.

Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги шартномани (Нур-Султон, 2021 йил 6 декабрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонунлар ҳам сенаторлар томонидан кўриб чиқиш белгиланган.

«Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси ҳукумати ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик тўғрисидаги битимни (Тошкент, 2022 йил 21 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси ҳукумати ўртасида ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги битимни (Тошкент, 2022 йил 21 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонунлар муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Шу билан бирга, сенаторлар Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитади.

Ялпи мажлис кун тартиби доирасида музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари юзасидан Маданий мерос агентлигига парламент сўрови юбориш, Сенатнинг Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифалар ижро этилиши юзасидан 2022 йил 7 октябрда қабул қилинган қарор бажарилиши масалаларини ҳам кўриб чиқиш назарда тутилган.

Мажлисда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорларини ҳам тасдиқлаш режалаштирилган.