Марказий сайлов комиссиясининг 5 апрель куни бўлиб ўтган мажлисида Конституция бўйича ўтказиладиган референдумида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан айрим округ комиссиялари раисларининг ахборотларига оид масалалар кўриб чиқилди.

Комиссия аъзоси Гулноза Раҳимованинг маълум қилишича, МСК қарори билан хорижий мамлакатлардан жами 26 нафар кузатувчи аккредитациядан ўтказилган.

Хусусан, МДҲ Ижроия қўмитаси референдумни кузатиш бўйича миссиясидан 8 нафар, МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг референдум кузатиш комиссиясидан 10 нафар, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросидан 1 нафар, Грузия марказий сайлов комиссиясидан 3 нафар, Озарбайжон Марказий сайлов комиссиясидан 2 нафар, Индонезия ва Нидерландия давлатларидан 1 нафардан кузатувчиларга аккредитация берилган.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатларга кўра, 14 та маҳаллий оммавий ахборот воситасининг жами 62 нафар вакили аккредитациядан ўтказилган. Эндиликда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони 346 нафарни ташкил этмоқда.