Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси мамлакат ҳудудида бўлиб турган ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди.

Қайд этилишича, сўнгги вақтларда ОАВ, интернет ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари орқали ўзбекистонликларнинг Туркия ҳудудида содир этилган турли жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарликлар иштирокчиси бўлиб қолганликлари ҳақида тез-тез хабарлар келиб тушмоқда.

Шу муносабат билан консулхона фуқаролардан бундай кўнгилсиз ҳолатларда жабр кўришлари ёки айбдор бўлиб қолишларининг олдини олиш мақсадида меҳмон бўлиб турган мамлакат талабларига қатъий риоя қилишларини сўради.

«Ўзингиз ва яқинларингизнинг ҳаёти, соғлиғи ва мулкига хавф туғдириши мумкин бўлган жойлар ва шахслардан йироқ бўлишингизни, бундай вазиятларни келтириб чиқармаслик чораларини кўришингизни, мусофир юртда ватандошларимизга ўзаро ҳурмат ва ёрдам кўрсатишингизни яна бир бор илтимос қиламиз», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан бирор сабабга кўра ушланганда ёки ҳибсга олинганда бу ҳақда зудлик билан Бош консулхонага хабар беришни талаб қилиш ҳуқуқига эга эканликлари билдирилди.

«Ижтимоий тармоқларда текширилмаган маълумотларни тарқатмасликни, фуқароларнинг шахсий дахлсизлик ҳуқуқларига риоя қилишни ва бу орқали қонун олдида жавобгар бўлиб қолишдан ўзингизни асрашингизни сўраб қоламиз», — дейилади консуллик хабарида.

Ёрдамга муҳтож фуқаролар ҳар қандай ҳолатда Бош консулхонага (02123232037 рақами ёки uzbekconsul@yahoo.com электрон почта манзили) мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.