3 апрель куни Самарқанд вилояти Ургут туманида 3 ёшли боланинг жасади уйи ёнидаги ариқ бўйидан топилди.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабарига кўра, 2020 йилда туғилган болакай ариққа эҳтиётсизлик сабаб тушиб кетиб, оқиб кетган. Кейинчалик уни маҳаллий фуқаролар кўриб, қутқариб олган. Бироқ тиббий ёрдам берилганига қарамай, у вафот этган.

Марҳумнинг ўлими сабабларини аниқлаш учун суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда боланинг оқиб кетишига кучли ёғингарчилик сабаб бўлгани ҳақида тарқалган хабарларни рад этди. Воқеа содир бўлган куни ёғингарчилик даражаси 20−30 мм ни ташкил қилган, деди бошқарма вакили.

Қайд этилишича, сув даражаси паст бўлса-да, бу миқдор болани оқизиб кетишга етарли бўлган.