Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахт аҳлини метронинг охирги йилларда очилган 19 та янги бекатига ном қўйиш учун овоз беришга таклиф қилди.

Ҳокимлик ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти географик объектлар — кўчалар, майдонлар, метро бекатлари ва бошқаларга ном бериш бўйича таклифларни қабул қилиш учун geonom.tashkent.uz платформасини ишлаб чиққанди. Сайтда метрополитен ер усти линиясининг Дўстлик-Қўйлиқ ва Олмазор-Сергели йўналишларидаги 19 та бекатига ном бериш бўйича таклифлар йиғилган.

Таклифлар тайёрлаш давомида маҳаллий аҳоли фикрини ўрганиш мақсадида пойтахт аҳлини овоз бериш йўли билан ушбу жараёнда иштирок этишга таклиф қилди. Жараён geonom.tashkent.uz платформасида 4 апрель кунидан 18 апрелга қадар давом этади.

Метро бекатлари номлари бўйича ўтказилган овоз бериш натижалари Транспорт вазирлигига тегишли таклифларни тайёрлаш ва кейинчалик уларни Вазирлар Маҳкамасига қарор қабул қилиш учун киритишга тақдим этилади.

Маълумот ўрнида, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги таниқли олимлар, тарихчилар, филологлар, топонимистлар ва бошқа соҳа мутахассис-экспертлари, шунингдек, ОАВ вакиллари, блогерлардан иборат ишчи гуруҳ «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги қонуни талаблари асосида ҳамда давлат тилида топонимлар ёзилишининг белгиланган қоидаларига мувофиқ, келиб тушган таклифлардан ҳар бир бекат учун энг мос номни танлаб олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шаҳарликлар жами 1100 дан ортиқ таклиф билан чиқишгани, асосан, тавсия этилган номлар метро станциялари яқинида жойлашган объектларнинг номлари билан боғлиқлиги ҳақида хабар берилганди.

Бундан ташқари, ўзига хос ғоялар ҳам бўлган. Масалан, «Қўйлиқ» линиясининг «Бекат-5» станциясига «Роҳат» номидан ташқари «Artel заводи», «Бекат-3»га — Регистон, «Бекат-4»га — «Тож Маҳал», «Бекат-9»га — «Шоколадка», «Бекат-10»га — «Ўқитувчилар — келажак бунёдкорлари», Чилонзор линиясининг «Бекат-2» станциясига — «Алишер Усмонов» номларини бериш таклиф қилинган.