4 апрель куни «Иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда илмий ёндашувларни кенгайтириш ва бошқарув кадрларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори имзоланди. Қарор матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги:

  • Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (кейинги ўринларда — Институт);
  • Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби (кейинги ўринларда — Олий мактаб) ташкил этилади.

Институт ва Олий мактаб фаолиятининг устувор йўналишлари самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:

  • Институт таркибида ҳудудларда ер ресурсларидан унумли фойдаланиш ва уларни оптимал тақсимлаш орқали бандликни таъминлаш, аҳоли даромадларини ошириш юзасидан муаммоларни ўрганиш ва амалий таклифлар тайёрлашга йўналтирилган юридик шахс бўлмаган «Ер ислоҳотлари маркази»;
  • Олий мактаб тузилмасида юридик шахс бўлмаган «Яшил иқтисодиётни илгари суриш ва жорий этиш» лойиҳа офиси ва Бизнес инкубатор ва стартап лойиҳалар билан ишлаш маркази ташкил этилади.

Ҳудудлар ва соҳалар кесимидаги муаммоларни жойларга чиқиб ўрганиш, аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида сўровномалар олиб бориш, мунтазам равишда Ўзбекистон иқтисодчилар форумини ташкил этиш, хорижий экспертларни жалб қилиш ҳамда ходимларни моддий рағбатлантириш мақсадида Институт қошида юридик шахс бўлмаган Тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилади ва унинг молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • Давлат бюджетидан ҳар йили Институтнинг бир йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг 40 фоизи миқдорида ажратиладиган маблағлар;
  • қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

Қуйидагилар Институт ва Олий мактаб фаолиятининг молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:

  • 2023 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети параметрларида Институт ва Олий мактаб фаолият кўрсатиши учун назарда тутилган маблағлар, 2024 йилдан бошлаб белгиланган тартибда Давлат бюджети параметрларида кўзда тутиладиган маблағлар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.