2023 йилнинг март ойида 510 та ҳолатда 46,2 млн кВт⋅соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Бунинг натижасида тизимга 21,9 млрд сўм зарар етказилган. Ушбу ҳажмдаги электр энергияси ўртача 231 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади.

Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи Фарғона, Наманган, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Хусусан, Наманган вилоятидаги «М.С.С.» МЧЖга қарашли метал маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи цехда 1,6 млрд сўм, Самарқанд вилоятидаги «М.К.» МЧЖда 898 млн сўм, Фарғона вилоятидаги «Д.К.» МЧЖда 349 млн сўм миқдорида қайта ҳисоблаш ишлари амалга оширилган.

Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилилиши маълум қилинган.