Ўзбекистонда сил, гепатит Б ва қандли диабет билан касалланиш кўрсаткичи камайган. Бу Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) таҳлилида қайд этилди.

Қайд этилишича, 2017−2021 йилларда давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизими учун ажратилаётган харажатлар қарийб 3 баробар ошган. 2017-йилда хусусий тиббиёт муассасалари сони 4000 та эди, бугун эса уларнинг сони 7320 тага етган.

Кўриб чиқилаётган даврда аҳоли ўртасида:

  • сил касаллиги билан касалланиш (ҳар 100 000 кишига) 2017 йилдаги 44,9 нафардан 2022-йилда 35,9 нафаргача;
  • гепатит Б билан касалланиш (ҳар 100 000 кишига) 2017 йилдаги 0,8 нафардан 2021 йилда 0,3 нафаргача;
  • 2-тоифа қандли диабет билан касалланиш (ҳар 100 000 кишига) 2017 йилдаги 21,4 нафардан 2021 йилда 18,3 нафаргача камайган.

ПМТИ таҳлилида қайд этилишича, қуйидаги кўрсаткичлар ҳам яхшиланган:

  • оналар ўлими коэффициенти (ҳар 100 000 тирик туғилган чақалоққа) 2017 йилдаги 21 нафардан 2021 йилда 14,4 нафаргача камайди;
  • 5 ёшгача бўлган болалар ўлими коэффициенти 2017 йилдаги 15,4 нафардан 2021 йилда 12,3 нафаргача камайди;
  • аҳоли ўртасида ўз жонига қасд қилиш туфайли ҳаётдан кўз юмиш кўрсаткичи (ҳар 100 000 кишига) 2017 йилдаги 7,5 нафардан 2021 йилда 6,4 нафаргача камайди.

Шунингдек, 2017 йилда Ўзбекистонга даволаниш мақсадида келган сайёҳлар сони 28 минг 705 нафарни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 69 минг 984 нафарни ташкил этган.