«Ўзэнергоинспекция» томонидан Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги газ тақсимлаш станцияси давлат манфаатларига 14,1 млрд сўмлик зарар етказгани аниқланди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Март ойида туманнинг «Маликобод» маҳалласида жойлашган Когон магистраль газ қувурлари бошқармасига қарашли «Хўжа-Ҳасан» газ тақсимлаш станцияси саноат коллекторига ўрнатилган электрон газ ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатган.

Шу пайтга қадар ушбу станция орқали тадбиркорлик субъектларига қарашли 3 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси ва 3 та иссиқхона хўжаликларига табиий газ етказиб берилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бунинг оқибатида давлат манфаатларига етказилган умумий зарар миқдори 14,1 миллиард сўмни ташкил этган. Ҳолат юзасидан ҳозирги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.