Тошкентда 2 апрель, якшанба куни тушдан кейин давомли момақалдироқлар содир бўлди ва айрим жойларда дўл ёғди. Унинг ортидан кучли ёмғир ҳам ёғиб ўтди.

Пойтахт аҳолиси ижтимоий тармоқларда жала ортидан шаҳар кўчалари, туннеллар ва метро бекатлари сув билан тўлгани акс этган видео ва фотоларни жойлади.

ёмғир ва дўл, сув босди, тошкент
Фото: Ижтимоий тармоқ


Тарқалган видеоларда Тошкент метрополитенининг «Амир Темур хиёбони» бекатига ҳам сув тушаётганини кўриш мумкин.

Метрополитен матбуот хизмати ҳолат юзасидан изоҳ бериб, бунга махсус ирригация, яъни сув кетиш йўллари (ариқлар) тўлиб қолгани ва бунинг натижасида ёмғир сувлари бекатга туша бошлаганини сабаб қилиб кўрсатди.

«Бу ҳолат масъуллар томонидан бартараф этилган ва поездлар ҳаракатига ҳеч қандай тўсқинлик ҳосил қилмаган», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзгидромет хизмати агентлиги дам олиш кунлари, хусусан, 2 апрель санасида республиканинг айрим ҳудудларида қисқа муддатли момақалдироқли ёмғир ёғиши, баъзи жойларда кучли бўлиши ҳамда дўл ёғишидан огоҳлантирганди.