Юқори технологиялар соҳасидаги олимлар ва ишбилармонлар сунъий интеллект (AI) ривожланишини вақтинча тўхтатиш бўйича очиқ хат имзолади.

Хатни имзолаганлар орасида тадбиркор, Tesla, Space-X ва Twitter компаниялари раҳбари Илон Маск, Apple асосчиси Стив Возняк, қатор йирик компаниялар, жумладан, Microsoft, Google ва Skype бош ижрочи директорлари, Массачусетс техник университети, Гарвард, Оксфорд профессорлари ва бутун дунё бўйлаб юзлаб бошқа университетлар, ўқитувчилар, муҳандислар ва сон-саноқсиз IT мутахассислари бор. AI`ни ишлаб чиқувчиларнинг ўзлари, жумладан, Stability AI ва Conjecture раҳбарлари ҳам хатга имзо чеккан.

«Биз барча сунъий интеллект лабораторияларини OpenAI компаниясининг GPT-4 чатидан кучлироқ тизимлари бўйича ишларни камида 6 ойга тўхтатишга чақирамиз. Бу жараён оммавий, текширса бўладиган ҳамда барча манфаатдор томонларни қамраб оладиган бўлиши керак. Агар бу паузани тезда жорий қилишнинг иложи бўлмаса, ҳукуматлар аралашиб, мораторий жорий этишлари керак», — дейилади мурожаатда.

Ярим йил ичида AI соҳасида хавфсизлик ва тартибга солиш протоколларини ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда. «Ушбу протоколлар уларга амал қилувчи тизимларнинг ҳар қандай шубҳалардан холи равишда хавфсиз бўлишини кафолатлаши керак», — дейилади мурожаатда.

«Сўнгги ойларда сунъий интеллект лабораториялари ҳеч ким, ҳатто уларнинг яратувчилари ҳам тўлиқ тушуна олмайдиган, башорат қила олмайдиган ёки ишончли тарзда бошқара олмайдиган кучли рақамли онгни ишлаб чиқиш бўйича назорат қилиб бўлмас пойгага тушиб қолди», — дея хавотир билдирган муаллифлар.

Мурожаатда айтилишича, сунъий интеллект тадқиқотлари ва ишланмалари бугунги кучли тизимларни янада аниқ, хавфсиз, шаффоф ва ишончли қилиш учун қайта йўналтирилиши керак.

Очиқ хат Future of Life Institute нотижорат ташкилоти томонидан тайёрланди. Уни ҳозиргача 1377 киши имзолаган.