29 март куни Шавкат Мирзиёев туризм салоҳиятини ривожлантириш юзасидан ўтказган видеоселекторда хорижий сайёҳларнинг Ўзбекистонда бир кун кўпроқ қолиши йиллик туризм экспортини 300 миллион долларга ошириши таъкидлаб ўтилди.

Жумладан, Хоразмда туристларнинг қолиш муддати — ўртача 2 кун, сарфлайдиган маблағи — 220 доллар. Хорижий туристлар Бухоро, Самарқандга қараганда Хоразмда 2,5 баравар кам. Лекин Хоразмда сайёҳларни 3−4 кун олиб қолиш ва 400−500 доллар харажат қилишлари учун барча имкониятлар мавжуд.

Ёки 2022 йилда 31 та туман ва 143 та маҳалла туризмга ихтисослаштириб, уларда алоҳида солиқ режими жорий қилинди. Бу имкониятдан Фориш, Ургут, Хўжайли, Пайариқ, Нурота туманлари ва Ангрен шаҳри самарали фойдаланган.

Темирйўли йўқ, инфратузилмаси ривожланмаган, чекка ҳудудда жойлашган бу туманларда шунча ўзгариш бўлиб, шароити анча яхши бўлган Когон, Китоб, Хатирчи, Қизилтепа, Янгиқўрғон, Тойлоқ, Бойсун, Паркент, Боғот туманлари бу имкониятлардан фойдаланмаётгани танқид қилинди.

Йиғилишда таъкидланишича, туризм салоҳиятини ошириш бўйича янги тизим жорий қилинади.

Вилоятлар уларга бириктирилган 11 та олийгоҳ билан ҳамкорликда ишлаб, туризм объектлари тўғрисидаги контентни бойитиши лозим бўлади. Улар:

  • 31 та туман ва улардаги 143 та туризм маҳалласининг тарихи, ёдгорликлари ва туристик объектлари контентини яратади;
  • улар асосида камида 12 та тилда туристик пакетлар ишлаб чиқилади;
  • туризм, иқтисодиёт, тарих, география, сервис, хорижий тиллар йўналишларида ўқиётган талабаларнинг камида 2 ойлик амалиёти шу туманларда ташкил этилади;
  • туризм ва сервис объектлари ишчиларини ўқитади.

Натижага қараб олийгоҳ ўқитувчилари ва талабалари рағбатлантирилади.

Шунингдек, мамлакатда ҳозирги туризм мавсуми қисқалиги, уни узайтириш бўйича салоҳият жуда катта экани қайд этилди.

Тошкент, Жиззах вилоятларида қишки мавсумда — тоққа чиқиш, чанғи учиш майдонларини, Андижон, Самарқанд, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ёзги мавсумда — чўмилиш масканларини ташкил этиб, туристик мавсумга яна икки ой қўшиш мумкинлиги таъкидланди.

Шу муносабат билан тегишли вазирликлар ва мутасаддиларга фестивал ва маданият тадбирларини кўпайтириш, қишки, экологик туризмни ривожлантириш, қўриқхона, табиат боғлари ва табиат ёдгорликлари имкониятидан фойдаланиш бўйича топшириқлар берилди.

Ички туризм бўйича муаллимлар ва тиббиёт ходимлари учун алоҳида дастурни тасдиқлаб, уларнинг Ўзбекистон бўйлаб саёҳати ва дам олишларини ташкил қилишни бошлаш топширилди.

2023 йил мамлакат маданияти ва туристик салоҳиятини жаҳонга тарғиб қилиш йили бўлиши кераклиги таъкидланди. Бунинг учун 100 миллиард сўм ажратилди.

«Ўзбекистон ташриф қоғози»ни ишлаб чиқиб, туризм брендини янгилаш, хорижий телеканалларда «Ўзбекистон ташриф қоғози»ни эфирга узатиш, АҚШ, Хитой, Араб давлатлари, Япония, Корея, Франция, Германия, Буюк Британия, Малайзия, Россия, Қозоғистон каби мамлакатларнинг йирик шаҳарлари гавжум кўчаларидаги экранларда «Ўзбекистон туризм бренди» ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш, миллиардлик обуначилари бор интернет платформаларида Ўзбекистон ҳақидаги реклама роликларини кўпайтириш топширилди.

Вилоят ҳокимлари ҳам ўзининг ҳудудини хорижда кенг тарғиб қилишга ўрганиши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Бунинг учун вилоят ҳокимлари туроператорларни жалб этиб, PR маркази филиалларини ташкил қилади. Улар:

  • ҳар бир вилоятнинг ташриф қоғозини ишлаб чиқади;
  • Тошкент шаҳри ҳамда ҳудудлардаги аэропорт, вокзаллар ва меҳмонхоналарда туризм бекатларини ташкил қилади;
  • ҳар бир вилоятнинг ўзи учун хос бўлган мавсумий туристик пакетини тайёрлайди;
  • фестивал ва концертлар ўтказиш графигини тасдиқлаб, нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳлар учун ҳам эълон қилади.