Фарғона вилояти Қувасой шаҳрининг Ўрмиён қишлоғида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Қайд этилишича, ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси, «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти филиали ва «Ўзбекнефтгазинспекция» вилоят бўлими ходимлари томонидан тадбир ўтказилган.

Унда аниқланишича, маҳаллий хусусий корхона томонидан ҳеч қандай ҳужжатларсиз, яширин равишда табиий газга уланиб, 3 та хумдонда 72 та ясама газ ёндиргичлар орқали оҳак ишлаб чиқарилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йилнинг июнь ойидан 2023 йилнинг март ойига қадар 18 млн 314 минг метр куб табиий газдан қонунга хилоф равишда фойдаланиш оқибатида давлат манфаатларига 18 млрд 314 млн сўмлик зарар келтирилган.

Ҳолат юзасидан ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилган.