Президент Шавкат Мирзиёев 27 март куни инвестиция, экспорт ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича йиғилиш ўтказди, деб хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

Таъкидланишича, мамлакатдаги қулай бизнес муҳити самарасида сўнгги йилларда чет эл корхоналари 5 мингтадан 16 мингтага кўпайди. Ҳар бир туман ва шаҳарга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келди.

Йил бошидан 764 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилгани, 1,3 мингта йирик ва ўрта лойиҳалар ишга туширилгани қайд этилди. Экспорт 3 миллиард долларни ташкил қилган.

Президент бу натижалар етарли эмаслигини, дунёдаги ҳозирги мураккаб вазиятда икки карра кўпроқ ҳаракат қилиш кераклигини таъкидлади.

Шу боис президент ишга тушадиган лойиҳалар ижросини ҳудудлар ва тармоқлар кесимида кунлик назорат қилиб, муаммоларни ҳал қилиб бориш зарурлигини таъкидлади. 304 та йирик ва 3 мингта ҳудудий лойиҳани ишга туширилиши натижасида 2023 йилнинг ўзида 10 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва 200 миллион долларлик экспорт қилиш имкониятлари мавжуд.

Юқори технологик ва қўшилган қийматли маҳсулотларни маҳаллийлаштиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш тизимини жорий қилиш, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида Саноат сиёсати тадқиқотлари марказини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.