«Туркистонбанк» банкрот бўлганидан кўп ўтмай, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 17 мартдаги қарори билан Hi-tech bank ҳам банкрот деб топилди, дея хабар бермоқда Марказий банк матбуот хизмати.

Марказий банк бошқарувининг тегишли қарорига асосан Hi-tech bank`ни тугатиш комиссияси ўз фаолиятини тугатди. Суд томонидан М.Гизатулин тугатиш бошқарувчиси этиб тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг октябрь ойида Марказий банкнинг тегишли қарорлари билан ва Hi-tech bank ва «Туркистонбанк»дан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар чақириб олинганди. Шунингдек, банкларни тугатиш комиссияси таркиби тайинланганди.

Марказий банк Департаменти директори Санжар Носиров юқоридаги банклар фаолияти нега тўхтатилганига изоҳ бериб, ҳар икки банк узоқ муддатдан буён банк қонунчилиги бўйича меъёрлар ва пруденциал талабларни муттасил бузиб келганини таъкидлаганди.

Унинг сўзларига кўра, мазкур банкларнинг лицензиясини чақириб олишга асос сифатида «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 54 моддасида кўрсатилган қўпол камчиликларга йўл қўйган. Шу билан бирга 77-моддадаги асослар кузатилган.

«Мисол учун, етарли миқдорда активларга нисбатан захиралар яратилмаган. Регулятив капиталидан 50 фоизидан ортиқ миқдорда зарар кўрган. Бухгалтерия ҳисоботида қоидаларни бузган. Истеъмолчилар ҳуқуқларига қарши ҳаракатлар қилган. Амалдаги таритбга кўра, банклар устав капиталига нисбатан 100 миллиард сўмлик талаб бор», — деган МБ вакили.