Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги хонадонларнинг бирида газ чақнаши сабаб бир оиланинг 4 нафар аъзоси вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

17 март куни «Мадраса» маҳалласида яшаган 1941 йилда туғилган А.Р. уйидаги табиий газга мўлжалланган иситиш печини нотўғри ўт олдирган. Келиб чиққан қисқа муддатли чақнаш оқибатида ўзи, 1950 йилда туғилган турмуш ўртоғи К.Ф. ҳамда набиралари — 11 ёшли И.А. ва 14 ёшли О.А. 50−60 фоиз куйиш жароҳати олган. Сўнгра даволаниш учун туман тиббиёт бирлашмасига жойлаштирилган.

26 март куни аёл тиббиёт бирлашмасида, вояга етмаган набиралар Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Самарқанд филиалида вафот этган. 27 март куни эса эркак ҳам туман тиббиёт бирлашмасида вафот этган.

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жараён вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган, дейилади хабарда.