Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Навоий, Андижон ва Самарқанд вилоятларида ер сотиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди.

Қайд этилишича, ДХХнинг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Жараёнда Нурота тумани фавқулодда вазиятлар бўлими ходими деҳқончиликка ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари билан биргаликда ушбу хўжаликнинг 80 гектар ер майдонини харидорга 1 млрд сўмга сотишга келишиб, олдиндан 700 млн сўм олган вақтларида ушлангани айтилмоқда.

Шунингдек, Андижон шаҳридаги қурилиш фирмаси раҳбари шаҳар ҳокимлиги захирасида бўлган 14 сотих ер майдони ўзига тегишли эканини айтиб, танишлари орқали уни харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 40 минг доллар олган вақтида ушлангани хабар қилинди.

Шунга ўхшаш ҳолат Самарқанд вилоятида ҳам кузатилди. Самарқанд туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган фуқаро туман ҳокимининг тегишли қарори билан унга деҳқон хўжалиги ташкил этиши учун узоқ муддатга имтиёзли равишда берилган 35 сотих ер майдонини кадастр тизимидаги танишлари ёрдамида харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 45 минг доллари талаб қилиб, олдиндан 25 минг доллар олганликда гумонланмоқда.

Ҳозирда ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.