Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 28 март куни Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида қозоқ-ўзбек давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади, деб хабар бермоқда Қозоғистон раҳбари сайти.

Zakon.kz`нинг ёзишича, дарё оқими ўзгаргани сабабли давлатлар ўртасидаги чегара 5 километрга чўзилган.

«Делимитация пайтида харитада чегара чизиғи чизилган, демаркация пайтида эса бу ерда дарё оқими ўзгаргани маълум бўлди. Мамлакатимизни Ўзбекистондан ажралган деб айта олмайман, бизни иккита дарё — Сирдарё ва Келес бирлаштириб туради. Оқим ўзгармоқда, аллювиал ороллар ўзгариб бормоқда. Чегара одатда дарёнинг форматига кўра чизилади. Ҳозирги чегара 2356 километр 666 метр ҳисобланади ва у юқорида айтилган сабабга кўра 5 километр узунроқ бўлди», — деди Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги чегарани қонуний расмийлаштириш жараёни 2022 йил 22 декабрь куни Тошкентда икки давлат президентлари томонидан чегарани демаркация қилиш тўғрисидаги битим имзоланиши билан якунланган. У 2001 ва 2022 йиллардаги давлат чегараси ҳақидаги шартномалар асосида амалга оширилган.

«Демаркация келишуви минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади. Бизнинг чегарамиз ҳамиша дўстлик ва яхши қўшничилик чегараси бўлган ва шундай бўлиб қолади», — деган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Zakon.kz хабарига кўра, демаркация бўйича музокаралар 2003 йилда бошланган. Чегара белгиларини ўрнатиш бўйича ишлар 2004 йилдан 2021 йилгача давом этган.

Ўтган 19 йил давомида демаркация бўйича қўшма комиссиянинг 100 та, демаркация бўйича қўшма ишчи гуруҳининг 34 та мажлиси бўлиб ўтган. Чегара чизиғига 1301 та белги ўрнатилган.

Чегараларни белгилаш натижалари шартноманинг ажралмас қисми бўлган ва унга илова сифатида расмийлаштирилган 8000 бетдан ортиқ ҳажмдаги ҳужжатларда акс эттирилган.