Конституция бўйича 30 апрель куни ўтказиладиган референдум учун Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 55 та референдум участкалари тузилади. Бу хақда Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 27 март куни бўлиб ўтган мажлисида маълум қилинди.

Қайд этилишича, Австрия, Афғонистон, Беларус, Белгия, Буюк Британия, Вангрия, Индонезия, Исроил, Испания, Италия, Қирғизистон, Кувайт, Латвия, Малайзия, Миср, Озарбайжон, Покистон, Полша, Сингапур, Таиланд, Тожикистон, Туркманистон, Украина, Оман, Франция, Ҳиндистон, Швейцария, Швеция, Эрон ва Японияда — 1 тадан; АҚШ, БАА, Германия, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Туркияда — 2 тадан; Қозоғистон ва Хитойда — 3 тадан; Россияда — 7 та референдум участкалари тузиш таклиф этилмоқда. Мазкур референдум участкаларини Тошкентдаги 14-округга бириктирилади.

«Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Улар Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилади» — дейилади мажлисда.

Мажлисда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига асосан 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикасининг референдумида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросидан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.