Ижтимоий тармоқларда «Ўз фарзанди ва аёлини аёвсиз калтаклаб келадиган спортчи отага ҳам чора кўриладими?» сарлавҳа остида видео ва суратлар тарқалди. Тошкент ИИББ ахборот хизмати мазкур ҳолат бўйича муносабат билдирди.

Таъкидланишича, жорий йилнинг 23 март куни тахминан соат 17:00 ларда 1990 йилда туғилган Т. Х. Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида яшаш хонадонида ўзаро келиб чиққан тортишув сабабли 28 яшар турмуш ўртоғи Т. Д.ни урган. Натижада хотини тан жароҳати олган. 25 март куни эса 7 ёшли фарзандини ҳам уриб, тан жароҳати етказган.

Ушбу ҳолат юзасидан туман ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) ва 110-моддаси (Қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчи Т. Х. процессуал тартибда ушланган, тергов давом этмоқда.

Аввалроқ, 36 ёшли хонанда Дилмурод Далиев ўзи билан бирга яшаб юрган аёлни ўлдирганликда гумонланиб, қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.