Вазирлар Маҳкамаси маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш ва спорт майдончаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида қарор лойиҳасини муҳокамага қўйди. Ҳужжат матни regulation.gov.uz порталига жойлаштирилди.

Президентнинг 2022 йилдаги қарорида маҳалла ёшлари ўртасида спорт турлари бўйича ўтказиладиган беш босқичли оммавий спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган ҳамда ҳудудида спорт инфратузилмаси мавжуд бўлмаган маҳалла терма жамоалари учун стритбол, воркаут ва универсал спорт майдончаларини қуриб бериш тизими йўлга қўйилган.

Муҳокамага қўйилган қарор лойиҳасига кўра:

  • Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти маҳаллаларда спорт майдончаларини қуриш лойиҳасини амалга ошириш доирасида буюртмачи бўлади;
  • бош пудратчи этиб Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти 13-сонли жазони ижро этиш муассасаси;
  • молиялаштирувчи — Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳисобланади.

Ҳар йили 1 мартга қадар Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари спорт инфратузилмаси ривожланмаган маҳаллаларда спорт майдончаларини қуриш юзасидан талабномаларни шакллантириб, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигига топширади.

1 майдан вазирлик спорт майдончалари қуриладиган маҳаллалар рўйхатини Қорақалпоғистон ВК раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига топширади. Бу ташкилотлар 2 ҳафта муддатда қурилиш учун ер майдонларини ажратиш бўйича қарор чиқаради. Ушбу қарор нусхаларини вазирликка беради.

Агар белгиланган муддатда ер ажратилмаса, ўша ҳудудда спорт майдончаларини барпо этиш бекор қилинади ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги бошқа ҳудудни танлайди. Вазирлик ер ажратилгани ҳақидаги қарорларни йиғиб, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига беради.

Департамент томонидан тасдиқланган манзилли дастурга асосан барпо этиладиган спорт майдончаларининг лойиҳа смета ҳужжатлари икки ҳафта муддатда ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилади ва молиялаштириш учун Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигига тақдим этади.

Қурилиш учун маблағлар Ғазначилик хизмати қўмитасидан Жазони ижро этиш департаментига ўтказилади. Бунда иш ва хизматлар билан боғлиқ харажатлар учун 30 фоиз миқдорида ҳамда товар ва жиҳозлар учун 100 фоиз олдиндан тўлов амалга оширилишига рухсат берилади.

Спорт майдончаларини лойиҳа смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ бўлган харажатлар пудратчининг бошқа харажатлари ҳисобидан қопланади.