5 майдан бошлаб Россиянинг S7 Airlines авиакомпанияси узоқ танаффусдан сўнг Иркутск-Фарғона-Иркутск йўналиши бўйича парвозларни тиклайди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports ахборот хизмати хабар берди.

Рейслар Boeing 737−800 самолётларида ҳафтада бир марта — жума кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда S7 Airlines авиакомпанияси Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Наманган халқаро аэропортларига парвозларни амалга оширмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ушбу йўналишдаги парвозлар 2021 йилда тўхтатилганди.

Маълумот учун, S7 Airlines — штаб-квартираси Новосибирскда жойлашган Россия авиакомпанияси. У Россиядаги энг йирик хусусий авиаташувчи бўлиб, 26 мамлакатнинг 180 дан ортиқ шаҳриига йўловчи ташувларини амалга оширади.