Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — тарихчи, Буюк Британиянинг Йорк университети лектори Дилноза Дутураева.

Яқин орада ўқилган китоблардан тавсиялар

Ишим асосан китоб ўқиш, аниқроғи, илмий адабиёт ва Ўрта аср манбаларини таҳлил қилиш билан боғлиқ. Шунга қарамай, бўш вақтимда бадиий асарларни ҳам ўқишни ёқтираман. Илмий ишимдан фақат шу орқали сал чекиниб, дам оламан.

Охирги пайтлари университет ҳаёти ва академик тизим билан боғлиқ бўлган романларга қизиқиб қолдим. Сабаби оддий — умримнинг катта қисми университетларда ўтади. Инглиз тилида бу жанр «campus novel» ёки «academic novel» деб аталади. Ўзбек адабиётида эса бу жанр ҳали у қадар кенг ёйилмаган ва ривожланиши ҳам шунга яраша. Хорижда бундай романлар асосан 1950 йиллардан кейин ёзила бошланган.

Яқин орада ўқиган шундай романлардан айримларини қуйида келтириб ўтаман. Шу билан бирга тарихчи сифатида кўпчиликка фойдали бўлиш эҳтимоли бор бир неча илмий адабиётларни ҳам тавсия қиламан.

Kingsley Amis. Lucky Jim. Victor Gollansz нашриёти, 1954 йил. 256 саҳифа

дилнозоа дутураева, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Бу романни Англияга кўчишдан олдин ўқишни бошладим. Туманли Альбион университетларининг бирида ўрта асрлар даври тарихи бўйича дарс бериш таклифини олгач, янги илмий тизим ва академик маданият билан олдиндан танишмоқчи бўлдим. «Lucky Jim» («Омадли Жим») романи эса айнан Англия университетларининг бирида ўрта асрлар даври тарихидан дарс бераётган Жим Диксон исмли ёш лектор ҳақидаги сатира. У мавжуд академик тизимни умуман ҳазм қилолмайди, аммо иш жойини сақлаб қолиш учун белгиланган қоидаларга бошқалар каби риоя қилиши шарт. Негаки у энди ишга жойлашган ва синов муддатини ўтаётган ёш илмий ходим эди. Роман турли кулгили диалог ва жараёнлар билан тўла. Инглизларнинг ўзига хос юмори орқали танқид остига олинган кўплаб мавзулар ҳозирда ҳам долзарблигини йўқотмаган.

Vladimir Nabokov. Pnin. Heinemann нашриёти, 1957 йил. 191 саҳифа

дилнозоа дутураева, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

«Пнин» романи АҚШ университетлари бирида рус тили ва адабиёти фанидан дарс бераётган ёши катта профессор Тимофей Павлович Пнин ҳақида, аниқроғи, унинг Америка академик тизимига мослашиши учун қилинган уринишлари тўғрисида. Набоков бу асарни Америкадаги тажрибаларидан келиб чиқиб ёзган. Ёши 50 дан ошган Тимофей Пнин тўқима бўлган Вайнделл (Wаindell) коллежида дарс беради. Профессор университет номини тўғри айта олмай «Вандал» деб қўя қолади. Ушбу ўқув даргоҳи ва у ердаги ходимлар Набоков дарс берган Корнелл университети ва Уэллсли коллежини эслатади. Романда ёши катта рус зиёлиси ва муҳожирининг Америка академик тизимидаги саргузаштлари сатира тарзида баён қилинган.

Elaine Hsieh Chou. Disorientation. Pan Macmillan нашриёти, 2022 йил. 416 саҳифа

дилнозоа дутураева, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

«Disorientation» («Дезориентация») романи Шарқий Осиё тадқиқотлари йўналиши бўйича АҚШда PhD диссертациясини ёзаётган Ингрид Ян исмли ёш докторант қиз ҳақида. 30 га яқинлашиб қолган Ингрид Ян саккиз йилдан бери диссертациясини ёзиб тугата олмайди. Тўсатдан илмий тадқиқоти мавзусига доир даҳшатли маълумот қўлига тушиб қолгач, тақдири умуман ўзгариб кетай дейди. Романда келиб чиқиши осиёлик бўлган ёш олиманинг АҚШ университетидаги ҳаёти орқали илм-фандаги расизм, империализм ва ориентализм муаммолари моҳирона тарзда кўтариб чиқилган.

Entony Eastmond. Tamta’s World: The Life and Encounters of a Medieval Noblewoman from the Middle East to Mongolia. Cambridge University Press, 2017 йил. 460 саҳифа

дилнозоа дутураева, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Британиялик тарихчи Энтони Истмонд қаламига мансуб «Tamta's World: The Life and Encounters of a Medieval Noblewoman from the Middle East to Mongolia» («Тамта дунёси: Яқин Шарқдан Мўғулистонгача бўлган ўрта аср зодагон аёлининг ҳаёти ва тўқнашувлари») илмий монографияси Тамта Мхаргрдзели (1195−1254) исмли зодагон аёл ҳаёти ва фаолиятига бағишланган.

Тамта Гуржистонда малика Тамара (1184−1213) саройида хизмат қилган арман амалдорининг оиласида таваллуд топади. Отаси Миср ва Сурияда ҳукмронлик қилган Айюбийлар (1171−1260) томонидан асирга олингач, Тамта мажбуран ушбу хонадонга келин қабилида узатилади. Кейин Жалолиддин Мангуберди (1220−1231) ҳарамига, ундан кейин эса мўғуллар қўлига ўтади. Манбаларнинг маълумот беришича, Тамта 10 йилга яқин Мўғулистонда яшаган. 1244 йилдан эса ҳозирги Туркияда жойлашган Аҳлат ҳудудини бошқарган.

Қисқача айтганда, мазкур илмий асар нафақат Гуржистондан Мўғулистонгача етиб борган ва асирадан ҳукмдор даражасига эришган бир аёл тақдири ҳақида сўзлайди, балки тарихни аёл кўзи билан ҳам таҳлил қилиш имконини беради. Ҳозирги тарих фани дарсликларида аёллар ҳақидаги маълумотлар кам. Бундай ёндашув нафақат қизларимиз, балки ўғилларимиз учун ҳам зарарли. Қизларимиз ўзига бўлган ишонч билан улғайиши, ўғилларимиз тенгдош қизларга ҳурмат кўзи билан қараши учун тарих дарсликларида аёл қаҳрамонлар кўпайиши керак.

Marie Favereau. The Horde: How the Mongols Changed the World. Harvard University Press, 2021 йил. 384 саҳифа

дилнозоа дутураева, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Франциялик тарихчи Мари Фаверо «The Horde: How the Mongols Changed the World» («Ўрда: Мўғуллар дунёни қандай ўзгартирган») номли илмий монографиясида мўғуллар империясининг ғарбий ерлари, яъни тарихда Олтин Ўрда номи билан маълум бўлган ҳудуд ҳақида баён қилади. Мўғуллар нафақат уруш ва ҳарбий фаолият билан шуғулланган, балки биз билган дунё шаклланишига катта таъсир кўрсатган.

Муаллиф фикрича, Россия империяси айнан Олтин Ўрда давлат бошқарувидан андоза олган. Агар бу инобатга олинса, Россия империяси Киев Руси давлатининг эмас, балки кўпроқ Олтин Ўрда вориси бўлиб чиқади. Мўғуллар ҳозирги Венгриядан Кореягача бўлган ҳудудларда ҳукмронлик қилган ва ўз меросини қолдириб кетган.

Биз ҳозир яшаётган дунёни яхшироқ англашимиз учун уларнинг тарихини чуқур ўрганишимиз зарур. Афсуски, Ўзбекистон тарихида ҳали ҳам мўғуллар асосан босқинчи сифатида гавдалантирилади ва бу давр тарихини ўрганишга етарли эътибор берилмайди. Мари Фаверо умуман бошқа қарашни таклиф қилади ва биз яшаётган дунё мўғуллардан мерос бўлиб қолганини таъкидлайди.

Tim Winter. The Silk Road: Connecting Histories and Futures. Oxford University Press, 2022 йил. 264 саҳифа

дилнозоа дутураева, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Австралиялик социолог ва халқаро муносабатлар бўйича мутахассис Тим Винтер «The Silk Road: Connecting Histories and Futures» («Ипак йўли: тарих ва келажакни боғлаш») номли китобида биз билган қадимги Буюк Ипак йўли тарихи ҳақида ёзмаган. «Ипак йўли» ҳозирги кунда геомаданий ва геостратегик тушунчага айланиб бўлган. Муаллиф «Ипак йўли» атамаси энди пайдо бўлган давр ҳамда Хитой-Европа ўртасидаги илк алоқаларни тасдиқловчи маълумотлар ўрганила бошланган вақт, яъни XIX асрдаги Катта ўйиндан ҳозирги кунгача бўлган сиёсий жараёнларни таҳлил қилади. Шу жумладан, ҳозирги Хитой ҳукуматининг «Ипак йўли»ни тиклаш ғояси остида амалга ошираётган геосиёсий ҳаракатларини тадқиқ қилади. Бугунги жаҳон сиёсатида бўлаётган жараёнларни ва яқин келажакда ҳам муҳим бўладиган мавзуларни яхшироқ тушунишни истасангиз, ушбу китобни ўқишингиз керак.

Ёшларга тавсиялар

Ҳар бир китобхон ўз дидига эга. Бу ерда ўзим яхши кўрган бадиий асарлардан 10 тасини тавсия қиламан.

  • Эрнест Ҳэмингуэй. «Алвидо, қурол!»;
  • Virginia Woolf. «A Room of One’s Own»;
  • Чўлпон. «Кеча ва Кундуз»;
  • Жорж Оруэлл. «1984»;
  • Sylvia Plath. «The Bell Jar»;
  • Пиримқул Қодиров. «Юлдузли тунлар»;
  • Чингиз Айтматов. «Асрга татигулик кун»;
  • Chimamanda Ngozi Adichie. «Americanah»;
  • Umberto Eco. «Numero Zero» (қўшимча тарзда шу муаллифнинг «Ur-Fascism» эссесини ҳам ўқиб чиқишни тавсия қиламан);
  • Tara Westover. «Educated».

Тарихга кўпчилик қизиқади. Шу сабаб тарихга оид қуйидаги китобларни ҳам тавсия қилмоқчиман:

  • Edward W. Said. «Orientalism». Pantheon Books, 1978
  • Fatema Mernissi. «The Forgotten Queens of Islam». University of Minnesota Press, 1997
  • Ellen Meiksins Wood. «The Origin of Capitalism». Monthly Review Press, 1999
  • Marianne Kamp. «The New Woman in Uzbekistan: Islam, Modernity and Unveiling Under Communism». University of Washington Press, 2006
  • Peter Golden. «Central Asia in World History». Oxford University Press, 2011
  • Valerie Hansen. «The Silk Road: A New History». Oxford University Press, 2012
  • Frank Dikötter. «How to Be a Dictator: The Cult of Personality in the Twentieth Century». Bloomsbury, 2019
  • Adeeb Khalid. «Central Asia: A New History from the Imperial Conquests to the Present». Princeton University Press, 2021
  • Ayşe Zarakol. «Before the West: The Rise and Fall of Eastern World Orders». Cambridge University Press, 2022
  • Peter Frankopan. «The Earth Transformed: An Untold History». Bloomsbury, 2023