Ўзбекистонда катта ёшдаги эркаклардаги простата бези саратонини самарали даволовчи лютеций-177 PSMA-617 дори воситаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Ўзбекистон фанлар академияси Ядро физика институти директори, техника фанлари доктори, профессор Илҳом Содиқов ЎзА`га маълум қилди.

Профессор қайд этишича, дори касалликнинг 4-босқичдаги 97−99 фоизгача тузалишини таъминлайди. Унинг нархи 1,5 минг АҚШ доллар ҳисобланади.

Ўзбекистон фанлар академияси қўшимча қилишича, бу дори лютеций-177 радиоизотопи ва PSMA-617 Простата специфик менбранали антигендан ташкил топган. Яъни бу дори воситаси асосан катта ёшдаги эркаклардаги простата бези ракини даволашда самарали ҳисобланади. Шу билан бирга тўртинчи ва бешинчи дозаларида тананинг бошқа қисмларидаги метастазаларга ҳам терапевтик таъсир кўрсатиши кузатилган.

рак, саратон, фанлар академияси

Бутун танаси рак метастазалари билан қопланган 4 та бемор (чап томонда) ва лютеций-177 ПСМА-617 препарати билан 2−3 ой мобайнида даволангандан сўнг (ўнг томонда). Фото: ЎзА

Бу дори воситаси радиоактив модда бўлиб у дорихоналарда сотилмайди. Бу фақат шифохона ва клиникаларга етказиб берилиб, бу клиникаларда беморлар текширувдан ўтказилиб, ПЕТ (позитрон-эмиссион томография) ёрдамида ташхис қўйилади ва бемордаги касалликни лютеций-177, PSMA-617 ёрдамида даволаш мумкинлиги аниқланса клиника корхонага шу дорининг керакли дозасига буюртма беради.

Даволаш фақатгина касалхона шароитида, махсус гамма камералар билан кузатув остида олиб борилади. Беморлар бу дори воситасини ўзларича дорихонадан сотиб олиб ўзлари даволана олмайди.