22 март куни Жаҳон банки, Европа комиссияси ва Украина ҳукумати урушдан кейин мамлакатни қайта тиклаш учун талаб этиладиган харажатларни қайта ҳисоб-китоб қилди. Бу ҳақда BBC рус хизмати хабар берди.

2022 йил сентябрида керакли миқдор 349 миллиард долларга баҳоланган бўлса, эндиликда бу рақамлар 411 миллиард доллар этиб ҳисобланмоқда.

Бундан ташқари, экспресс баҳолашлар шуни кўрсатдики, 2023 йилда Украинага тикланиш бўйича тезкор лойиҳаларни амалга ошириш учун тахминан 14 миллиард доллар керак бўлади.

Қайта тиклаш харажатларининг энг катта қисми энергетика секторига тўғри келмоқда, Жаҳон банки маълумотларига кўра, мамлакатнинг энергетика соҳасига етказилган зарар миқдори 2022 йилнинг июнига нисбатан беш баробарга ошган.

2022 йилнинг кузидан бери Россия Украина энергетика объектларига зарба беришда давом этмоқда, бу эса бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда вазиятлар ва электрнинг узилишига олиб келди.

Энг кўп жабр кўрган ҳудудлар — Донецк, Харьков, Луганск ва Херсон.

«Украинани қўллаб-қувватлашнинг давом этиши ҳам мамлакатга, ҳам жаҳон иқтисодиётига киритиладиган сармоядир», — деди Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Анна Бьерде янги баҳолашни шарҳлар экан.