Муваффақият асосини иштиёқ ва ҳаракатдан аввал илм ташкил этади. Азалий қонуният шу — илм-фанга суянган жамият ва давлат ютқазмайди. Мактаблар эса бўлғуси олим, академикларни тайёрлаш ва аниқлашда энг муҳим босқич. Бироқ бу тизимда яхши натижалардан кўра тобора катталашаётган муаммоларимиз кўпроқдек. Дарсликлар «жанг»и, ўқитувчи обрўси, мажбурий меҳнат, коррупция кабиларнинг охири кўринмайдигандек. Йиллар давомида лотин ва кирилл алифбоси орасида сарсон авлод шакллангани-чи! Биз орзумизга — шаффоф, ўқитувчилари билимли, раҳбарлари адолатли, мактаблари ўқишга яроқли, дарсликлари болани ижодий фикрлашга ундайдиган, ўқувчига ҳақиқий билимни берадиган мактаб таълими тизимига қачон етамиз? «Газета.uz» саволларга жавобни таълим эксперти, масъул ходим ва ўқитувчидан эшитишга қарор қилди.

Комил Жалилов,
Таълим бўйича эксперт

комил жалилов, мактаб, моҳира эшпўлатова, таълим тизими, эркин муродов

— Таълим тизими нимадан иборат? Умуман, ҳар қандай тизим турли институтларнинг бир-бири билан чамбарчас ишлаши, тўғрими? Таълим тизими ҳақида суҳбатлашаётган бўлсак, демак, бунга энг аввал таълим вазирилиги, ундан кейин бевосита масъул ташкилотлар, таълим муассасаларида фаолият юритадиган педагоглар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналар киради ва буларнинг ҳаммаси катта бир тизимни ташкил қилади. Бундан ташқари, педагогларни етказиб берадиган олий таълим муассасалари, уларнинг малакасини оширадиган институтлар — бу катта тизим ва бир-бири билан узвий алоқада ишлашини таъминлаш учун вақт кетади. Таълим тизимининг бошқа тизимлардан фарқи, сиз унинг мазмунини йўлга қўйишингиз учун вақт кетади. Масалан, ташқи атрибутлар, яъни юқорида айтганим институтлар фаолиятини нисбатан тез йўлга қўйиб олишингиз мумкин, лекин мазмун — таълимнинг юраги. Мана шу мазмунни тўлиқ жорий этишга бир авлоднинг умри керак бўлади.

Эркин Муродов,
Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи

комил жалилов, мактаб, моҳира эшпўлатова, таълим тизими, эркин муродов

— Боланинг таълим олиш давридаги энг кўп вақти мактабда ўтади. Ҳаётга мослашиши, дунёқараши шаклланишида ҳам мактабнинг ўрни беқиёс. Маълум касбга эга бўлиши, ҳаётга тайёр бўлиши шарт. Бугун мактаблар қай даражада шу талабларга жавоб беради деган ҳақли савол туғилади.

Комил Жалилов: — Хелсинкининг қоқ марказидаги мактаб билан Финляндиянинг чет бир ҳудудидаги мактабда таълим сифати бир хил. Бизда-чи, ҳатто пойтахтдаги мактаблар ўртасида тафовут бор. Президент, ихтисослаштирилган мактаблар учун ажратилаётган маблағ, улар учун яратилган шароит оддий мактабларникидан фарқ қилади. Финляндия таълим муваффақиятини таъминлаган биринчи омилни ўзимиз бузганмиз. Энди ўйлаб кўринг, тажрибасини ўрганаётган, жорий этаётган мактабнинг омилини бузсак, қандай қилиб ўзимиз хоҳлаган тизимни яратамиз?! Бунинг имкони бормикан? Тенглик, кучли ўқитувчилар тайёрлаш тизими, мактаблар автономияси — Финляндия таълим тизимини юксалтирган сабаблардир.

Эркин Муродов: — Қишлоқ мактаби бундай бўлиши керак, шаҳарники бундай бўлсин деган қоида йўқ. Ҳаммаси тенг — баравар. Тошкент мактабида дарс ўтган ўқитувчига ҳам белгиланган маоши тўланади, қишлоқдаги ўқитувчига ҳам. 45 дақиқа дарсини ўтган ҳар бир ўқитувчига, у қаерда бўлишидан қатъий назар белгиланган ҳақ берилади. Ҳатто айрим жойларда, олис ҳудудлардаги ўқитувчиларга устамалар тўланади. Намунали лойиҳалар асосида қурилган мактаблар борасида ҳам худди шу тамойил бор — бари бир хил.

Моҳира Эшпўлатова,
«Salam International School» хусусий мактаби ўқитувчиси

комил жалилов, мактаб, моҳира эшпўлатова, таълим тизими, эркин муродов

— Мен шаҳар мактабида ҳам, қишлоқникида ҳам ишлаганман. Иккисининг ўртасида фарқ жуда-жуда катта — ер билан осмонча. Улар ўртасидаги тафовутни ҳам бемалол айта оламан.

Комил Жалилов: — Бир тизимни яратиб олдик-да, бир босқичга келганда ундан воз кечдик. Ҳар қандай соҳада қарор қабул қилаётганда илмий натижаларга ҳам суяниш керак-да. Яъни таълим асосини ҳам жуда кўп олимлар ўрганган — ўзимизда ҳам, четда ҳам. Қандайдир муҳим қарорларга келишдан аввал уни таҳлил қилиш шарт. Мана, 12 йиллик таълим тизимидан ҳеч қандай асоссиз воз кечдик. Бургага аччиқ қилиб, кўрпани ёқдик. Айрим нохуш ҳолатлардан кейин коллеж, лицей тизимини ёпдик-да, 11 йиллик таълимга қайтдик. Сал ўтиб, 11 йиллик таълимга мослаб миллий дастур яратамиз дедик. Экспертларни жалб қилдик, маблағ, куч, вақт сарфладик. Бунда катта жамоа ишлади. Энди шу дастурнинг ҳам тақдири муаллақ турибди. Ҳеч ким, на масъул идора, на мутасаддилар индамаяпти. Режалаштиришимиз жуда кичкина горизонтда. Таълим тизимида қармоқни узоқроққа ташлаш керак, узоқни кўзлаш муҳим. Бунда натижани кўриш учун вақт керак. Натижани тушуниш, кўриш учун тадқиқотлар, халқаро тадқиқот, дастурларда қатнашиш керак. Ҳар 2−3 йилда қарор, йўналишларни ўзгартиряпмиз-да, ўртада ўқитувчи, ўқувчи сарсон бўляпти.

Моҳира Эшпўлатова: — Қанийди, сиз билим бераётган соҳангиз бўйича ортиқча қоғозбозлик, босим бўлмаса! Ҳамма учун битта иш режаси тақсимлансаю, бошқа ишингизга аралашишмаса! Қўлингиздаги битта бўр, доскангиз билан ҳам билимли ўқитувчи дарсини ўта олади. Ўқитувчида иштиёқ, билим ва хоҳиш, ўқувчида илм олишга муҳаббат бўлсин — шунинг ўзи етади.

Эркин Муродов: — Тизимда беш юз мингдан ортиқ ўқитувчи бор. Тўғри, ҳаммаси баравар, тенг деб айтолмайман. Сиз айтгандек, дарсини номига ўтиб, чиқиб кетаётган ўқитувчилар бордир. Лекин бугунги ўқувчи бунга рози бўлмаяпти. Ўқитувчининг дунёқараши ўзгарса, масъулияти ҳам ошади.

Моҳира Эшпўлатова: Тадбирбозликни деб жуда кўп вақтимизни йўқотяпмиз. Афсуски, тадбирларимиз ҳам жуда кўп. Бу «анъана»ни йўқотишимиз шарт. Кимнингдир минг, юз йиллигини қилмайлик, аксинча, таваллуди нишонланаётган ота-бобомизнинг илмини ўргатайлик. Тадбирбозликни йиғиштирайлик. Нимага керак ортиқча ҳаракат? Менинг иедалимдаги мактабда эртаклар айтилмайди, фан ўқитилади.

Комил Жалилов: Умумий мақсадни белгилаб олишимиз керак. Илғор хорижий тажриба демасдан туриб, умумий мақсадимиз нима дейишимиз шарт. Мақсад оддий бўлмаслиги керак. Ўқувчини ўзгараётган дунёда ўрнини топишига тайёрлайдиган, «юмшоқ кўникмалар»га эга, ўзига керак бўлган соҳаларда муваффақият қозонадиган мақсадлардан иборат бўлиши муҳим. Кейин буни таҳлил қилиш ва қадамларни белгилаб олиш зарур. Назаримда, чиройли, жимжимадор қарорлар чиқаришни йиғиштиришимиз керак. Кимдир шундай таклиф билан чиқдими, унинг илмий асосини сўраш шарт.

Суҳбатнинг тўлиқ шаклини «Газета.uz»нинг YouTube саҳифасида кўришингиз мумкин.