Ўзбекистон ва Малайзия ислом молияси бўйича мутахассисларни тайёрлаш доирасида ҳамкорлик қилади, дея хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.

Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Малайзия олий таълим вазири Моҳамед Халид Нордин билан учрашув ўтказди. Суҳбат давомида олий таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари, шу жумладан, Малайзиянинг илғор Ислом молияси бўйича тажрибасини Ўзбекистонда татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.

Моҳамед Халид Нордин Малайзияни икки давлат ўртасидаги маданият ва билим тизимлари кўприкларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашдан тарафдор эканини таъкидлади.

«Малайзия ва Ўзбекистон ўртасида олий таълим соҳасидаги икки томонлама дўстона муносабатлар азалдан ривожланиб келмоқда. Малайзия томони олий таълим соҳасида икки давлат учун ўзаро манфаатли бўлган ҳар қандай ҳамкорликни, айниқса олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни қўллаб-қувватлайди», — деди Моҳамед Халид Нордин.

Хорижий томон Ўзбекистон Банк-молия академияси (БМА) ва Малайзия Ютара университети ҳузуридаги Ислом бизнес мактаби ўртасидаги республикада ислом молиясини ривожлантириш ва ушбу соҳада мутахассисларни тайёрлаш бўйича ўрнатилган ҳамкорликни олқишлади.

Учрашув якунида 2023 йилнинг июнь ойида Малайзия Ютара университети ҳузуридаги Ислом бизнес мактаби делегациясининг Ўзбекистонга амалий сафарини уюштириш ва республика мутахассислари учун семинар ҳамда тренинглар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.