Пойтахт истеъмолчиларининг эҳтиёжини таъминлаш учун Тошкент вилоятида умумий қуввати 2400 мегаваттли 4 та қуёш фотоэлектр станцияси барпо этилади. Ўзбекистон 24 телеканали бу ҳақда репортаж тайёрлади.

Хусусан, ACWA Power (Саудия Арабистони) компанияси иштирокида Юқори Чирчиқ туманидаги «Ўзсувтаъминот» АЖ ҳудудида қуёш ФЭС қурилиш ишлари бошланган. Ушбу объектнинг қуввати 400 МВт.

Иккинчиси China Gezhouba Group Investment (Хитой) компанияси иштирокида Юқори Чирчиқ туманида барпо этилади. Қуввати 700 МВт бўлган қуёш ФЭСни қуриш лойиҳасининг биринчи босқичи қувватларини (100 МВт) жорий йил якунига қадар ишга тушириш режалаштирилган.

Шунингдек, China Datang Overseas Investment (Хитой) 2 та ҳудудда: Оҳангарон туманида 1000 МВт ва Бўка туманида 300 МВт қувватли қуёш ФЭСни қуради.

тошкент, ўзбекистон, хитой, қуёш фотоэлектр станцияси

Видеодан кадр / «Ўзбекистон 24» телеканали

«Бу қувватларни ишга тушириш натижасида биз Тошкентнинг 75% электр энергияга бўлган талабини қондиришга эришамиз», — деди Энергетика вазирлиги бошқарма бошлиғи Миролим Саидов.

Ушбу объектнинг қурилишига 18 март куни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев старт берганди.