Ўзбекистон президенти «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарорини имзолади, дея хабар қилди Мусулмонлар идораси матбуот хизмати.

Унга кўра, 2023 йилги муборак Рамазон ойининг бошланиши 23 март кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолари Кенгаши томонидан Ислом дини манбалари ва астрономик маълумотларга таянган ҳолда 2023 йилда Рамазон ойининг биринчи куни шу йил 23 март, пайшанба кунига тўғри келиши ҳақида хулоса қилинган.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Рамазон ойини миллий анъана ҳамда қадриятларга мос ва муносиб тарзда ўтказишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш топширилди.

Ҳудудларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган одамийлик, инсон шаънини улуғлаш, яхшилик ва меҳру саховат каби фазилатларни намоён этадиган, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни қадрлаш, оила ва маҳаллаларда, бутун юртимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.