Ижтимоий тармоқларда шифокорларнинг тамагирлик қилаётгани тасвирланган видео тарқалди ва бу кескин эътирозларга сабаб бўлмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати мазкур ҳолат бўйича муносабат билдирди.

Таъкидланишича, ҳолат Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани тиббиёт бирлашмасида кузатилган.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолатни зудлик билан ўз назоратига олиб, зарур чора-тадбирларни белгилади. Хусусан, туғуруқ бўлими акушер-гинекологи Х. Г. ва доя Н. Н. ишдан бўшатилиб, тўпланган дастлабки ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тақдим этилди», — дейилади вазирлик ахборотида.

Қўшимча қилинишича, айни пайтда ҳолат юзасидан вазирлик ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Унинг натижалари бўйича қўшимча маълумот тақдим этилади.

«Эслатиб ўтамиз, вазирлик тизимда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатда бўлади ва бу борадаги ҳеч бир мурожаатни эътибордан четда қолдирмайди», дея аҳолига мурожаат билан чиқди ССВ матбут хизмати.

Қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг (+998−91) 403−17−73 шахсий телефон рақами орқали соҳадаги коррупциявий ҳолатлар юзасидан аниқ факт ва далилларга асосланган мурожаатлар қабул қилинмоқда. Қолаверса, вазирлик қошида куну тун «1003» қисқа рақамли «Сall-марказ», Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси ва вилоятлар бошқармалари қошида «1103» қисқа рақамли «Сall-марказ»лар ишлаётгани эслатиб ўтилди.

Аввалроқ, соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг Фарғонада тиббиёт ходимлари ва ОАВ вакиллари билан учрашувда «беморга меҳр билан ёндашсангиз, рози бўлиб, ўзи сизга бериб кетади» мазмунида айтган сўзлари тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди. Ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши муносабат билдирди. Жамоатчилик кенгашига кўра, бу мамлакат сиёсатига зид ҳаракат ва тизимга халқнинг ишончи камайишига сабаб бўлади.