Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд ва Жиззах вилоятларида фуқароларни АҚШга ноқонуний юборишга уриниш ҳолатлари аниқлангани ҳақида хабар берди.

Хусусан, Самарқанд шаҳрида яшовчи 43 ёшли фуқаро ўзганинг ишончига кириб, 30 минг доллар эвазига танишлари орқали уни АҚШга юборишини айтиб, олдиндан 10 минг доллар олган вақтида ушлангани айтилмоқда.

Бошқа бир ҳолатда эса Самарқанд вилояти Иштихон туманида яшовчи 27 ёшли фуқаро Жиззах вилояти Дўстлик туманида истиқомат қилувчи 42 ёшли фуқародан танишлари ёрдамида уни Қўшма Штатларга юбориш эвазига 21 минг доллар талаб қилгани хабар қилинди.

ДХХ Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Ғаллаорол туманида ўтказилган тезкор тадбирда у 10 минг доллар ва 100 млн сўм олган вақтида ушланди, — дейилади хабарда.

Ҳар икки ҳолатда фуқароларга Ўзбекистон-Туркия-Европа-Мексика-АҚШ йўналишида Қўшма Штатларга ишлаш учун юбориш ваъда қилинган.

Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда талаба фуқарони АҚШга юбориш учун $3 минг олганликда гумонланиб ушлангани ҳақида ёзгандик.