Сирдарёда Тошкентга олиб келинаётган 2950 кг йирик шохли истеъмолга яроқсиз мол гўшти аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, Департаментнинг Сирдарё туман бўлими томонидан ИИБ, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда Isuzu юк автотранспорт воситасида фуқаро Ш. Х. ҳеч қандай ҳужжатсиз жами 2950 кг йирик шохли мол гўштини Тошкент шаҳрида ўтказиш мақсадида олиб кетаётгани аниқланган ва истеъмолга яроқсиз гўштлар далиллар сифатида олинган.

Ҳолат юзасидан жиноят кодексининг 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилади.