17 март куни Бухоро вилояти судида Нукус воқеалари бўйича яна 39 нафар судланувчига нисбатан ҳукм ўқилди. Уларнинг орасида журналист, «Ишонч» газетаси ва ЎзАнинг собиқ мухбири Есимкан Қанаатов ҳам бор, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Суд унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Қанаатовнинг 2022 йил 7 июль кунидан бошлаб 17 мартга қадар — қамоқда ўтирган 8 ой 10 куни жазога киритилди ва узил-кесил ўташ 4 йил 3 ой муддат белгиланди.

есимкан қанаатов, нукус воқеалари

Есимкан Қанаатов (чапдан биринчи). Фото: Олий суд матбуот хизмати.

Шунга кўра, шу заҳотиёқ суд залидан озод қилинди. Шу билан бирга, унинг кечки соат 21:00 дан эрталабки 06:00 гача уйдан ташқарига чиқиши чекланди. Бундан ташқари оммавий ва бошқа тадбирларда қатнашмаслик, рухсатсиз яшаш манзилигини ўзгартирмаслик ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидан чиқмаслик чекловлари ўрнатилди, қолаверса, келтирилган зарарни қоплаш муддати белгиланади.

Суд мажлисидан сўнг у журналистларга интервью берди.

«Суд мени жазойимни озодликни чеклашга ўзгартирди. Суд одил бўлиб ўтди, мен бундан хурсандман ва чин кўнгилдан миннатдорман. Мен ўз айбимга тўлиқ иқрорман ва айб ишлар қилганимни биламан. Менинг бу айбни қилишимга 1−2 июль кунлари бўлиб ўтган оммавий тартибсизликка бошлаб чиққан Даулетмурат Тажимуратовнинг ёлғон агитацияларига алданганим сабаб бўлди. Мен барча хатоларимни тан олдим ва хатоларимни тушуниб етдим», — деди Есимкан Қанаатов.

«Халқимиздан интернетдаги ва бошқа оммавий ахборот воситаларидаги провокацион оқимларга эргашиб кетмасликни сўраб қолган бўлардим. Тергов узоқ вақт бўлганлигига қарамасдан судья одил ҳукм чиқарди», — дея сўзини якунлади у.

Аввалроқ Нукус воқеаларида қатнашганликда гумонланган яна 39 нафар шахснинг 28 нафарига 5 йилдан 11 йилгача қамоқ жазоси тайинлангани, қолган 11 нафари эса суд залидан шартли равишда озод қилингани ҳақида ёзгандик.

Бунга қадар, 31 январь куни Нукусдаги июль воқеаларини содир этганликда айбланган 22 нафар судланувчига нисбатан ҳам суд ҳукми ўқилганди. Ўшанда ишнинг асосий фигурантлари Даулетмурат Тажимуратовга 16 йил, Лолагул Каллихановага эса шартли равишда озодликни чеклаш жазоси берилганди.