Туркияда зилзила қурбонлари сони 49 мингдан ошди

Туркия президенти Таййип Эрдоған Туркиядаги зилзилаларда қурбон бўлганлар сони 49 мингдан ошганини, 115 мингдан ортиқ киши жароҳатланганини маълум қилди.

«11 вилоят мисли кўрилмаган офатлардан азият чекди. 14 млн фуқаромиз бевосита жабр кўрган бўлса, 49 мингдан ортиқ фуқаро ҳалок бўлди, 115 мингдан ортиқ фуқаро жароҳатланди», — деди Эрдоған Анқарада Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги чиқиши чоғида.


Туркияда яна зилзила содир бўлди

Туркия сейсмологлари пайшанба куни Туркиянинг Истанбул шаҳридан 250 километр шарқда жойлашган Болуда 4,7 магнитудали зилзила юз берганини маълум қилди.

Қандилли расадхонаси маълумотларига кўра, ер силкинишлари соат 13:55 да қайд этилган, кейин эса тахминан 2 магнитудали камида иккита зилзила содир бўлган. Эпицентр тахминан ўн километр чуқурликда бўлган.

Ҳозирча вайронагарчиликлар ва қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.


Сурия Россиянинг унга алоқадор минтақалар билан янги чегараларини тан олади

Дамашқ Россиянинг референдумлар натижаларига кўра қўшилган ҳудудлари: ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожье вилоятлари билан янги чегараларини тан олади, деди Сурия президенти Башар Асад РИА Новости агентлигига берган интервьюсида.

«Албатта. Мен айтаманки, булар Россия ҳудудлари, уруш бўлмаган бўлса ҳам, бу тарихан Россия ҳудудлари», — деди Сурия раҳбари Россиянинг янги чегараларини тан олиш ҳақидаги саволга жавоб берар экан.


Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги 8,52 млрд долларлик қурол сотиб олишни тасдиқлади

Ҳиндистон мудофаа вазирлиги 705,84 млрд рупий (8,52 млрд доллар) қийматидаги ҳарбий техника ва қурол-яроғларни сотиб олишни маъқуллади. Бу ҳақда ТАСС Ҳиндистон ҳарбий департаментига таяниб хабар қилди.

дайжест, жаҳон янгиликлари

Харид қилинган қуролларнинг 98,9 фоизи Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган.

Харидлар орасида 307 та 155 мм лик артиллерия тизимлари, BrahMos Airspace Ҳиндистон-Россия қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган 200 та BrahMos товушдан тез учадиган қанотли ракета, тўртта ракета эсминеци ва еттита фрегат, Су-30МКИ қирувчи самолётлари учун юқори аниқликдаги қурол-яроғлар, вертолётлар ҳамда электрон уруш тизимлари.


Газпромнинг 2022 йилдаги соф фойдаси 70 фоиздан кўпроққа камайди

Газпромнинг 2022 йилда соф фойдаси 70 фоиздан кўпроққа камайди, дейилади компания ҳисоботида.

дайжест, жаҳон янгиликлари

Эълон қилинган маълумотларга кўра, 2022 йил учун бухгалтерия стандартлари бўйича «Газпром»нинг соф фойдаси ўтган йил натижаларига нисбатан 72,2 фоизга камайган ҳолда 747,25 млрд рублни ташкил этди. Даромад 24,9 фоизга — 7,98 трлн рублгача ошган.

Аввалги ҳисоботларда «Газпром» 2020 йилда 707 млрд рубль йўқотгани, 2021 йилдаги соф фойдаси эса рекорд даражадаги 2,64 трлн рублга етганини кўрсатди.


Ливия миллий армияси МАГАТЭ йўқолган деб эълон қилган уранни топди

Ливия миллий армияси (ЛМА) пайшанба куни Атом энергияси бўйича Халқаро агентлик (МАГАТЭ) томонидан чоршанба куни йўқолгани ҳақида хабар берилган табиий уран бочкалари топилганини эълон қилди. Бу ҳақда Al Hadath телеканали хабар берди.

ЛМА вакилининг баёнотига кўра, «армия МАГАТЭ йўқолган деб эълон қилган ураннинг тўлиқ миқдорини қайтариб олди». Унинг қўшимча қилишича, табиий уран бочкалари улар сақланадиган омбордан 5 км узоқликда топилган.

ЛМА вакили «катта эҳтимол билан, бочкалар уларда нима борлигини билмаган Чаддан келган ҳарбийлаштирилган гуруҳлар томонидан олиб кетилгани»ини тахмин қилди.


Молдова парламенти молдова тилини румин тилига ўзгартиришни маъқуллади

Давлат тилини молдова тилидан румин тилига ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Молдова парламенти томонидан маъқулланди, дея хабар бермоқда «Коммерсантъ». Депутатларнинг аксарияти — 101 нафардан 58 нафари уни қабул қилиш учун овоз берди.

Қонун лойиҳасига кўра, «молдова тили» сўзлари «румин тили» сўзлари билан алмаштирилади. Молдова ҳақида гап кетганда, «давлат тили», «расмий тил», «она тили» сўзлари «румин» сўзлари билан алмаштирилади.

Қонун лойиҳаси парламентда 63 ўринга эга бўлган PAS партияси томонидан таклиф қилинган.


Rheinmetall Украинадаги можаролар фонида рекорд даражада даромад олганини хабар қилди

Германиянинг энг йирик мудофаа концерни Rheinmetall 2022 йилдаги операцион фойдаси рекорд даражадаги 754 млн еврога етди. Бу 2021 йилга нисбатан 27 фоизга кўпдир. Rheinmetall раҳбари Армин Паппергернинг таъкидлашича, компания фойдаси кўп жиҳатдан «Европадаги уруш» билан боғлиқ.

Армин ПаппергерАрмин Паппергер

Rheinmetall, ҳисоботдан келиб чиқадики, 2023 йилда сотувлар ҳажми 7,4−7,6 млрд еврогача ўсишини кутмоқда, 2022 йилда эса бу кўрсаткич 6,4 млрд еврони ташкил қилган.


АҚШнинг Орегон штатидаги меҳмонхонада юз берган отишмада икки киши ҳалок бўлди

Чоршанба куни АҚШнинг Орегон штати Портленд шаҳридаги меҳмонхонада юз берган отишмада икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Синьхуа маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларига таяниб хабар берди.

Ярим тунда содир бўлган ҳодиса жойига етиб келган полиция эркак ва аёлнинг жасадларини топган. Уларнинг шахси ҳали аниқланмаган.

Меҳмонхона меҳмонларининг айтишича, камида ўнта ўқ узилган.


Аризонада хавфли моддалар ортилган поезди темир издан чиқиб кетди

АҚШнинг Аризона штатида хавфли моддалар олиб кетаётган поезд темир излардан чиқиб кетди, деб хабар берди The New York Times маҳаллий расмийларга таяниб.

Ҳодиса чоршанба куни кечқурун Мохаве округидаги Топок шаҳри яқинида содир бўлган. Айни пайтда ҳодиса натижасида хавфли моддалар сизиб чиққани ҳақида маълумотлар йўқ.