Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 март куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Туркни қабул қилди.

Учрашувда БМТ Олий комиссари Ўзбекистоннинг болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, гендер тенгликни илгари суриш, суд идораларининг мустақиллигини ва қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги муваффақиятларини юқори баҳолади.

Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясининг 75 йиллигида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури қабул қилингани, Ўзбекистон БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилгани, қийноқларнинг олдини олиш бўйича фуқаролик жамияти институтлари иштирокидаги превентив механизм яратилгани, шунингдек, можаролар ҳудудларидан хотин-қизлар ва болалар ўз юртига қайтарилгани, улар қайта ижтимоий интеграциялашуви учун барча зарур шароитлар яратилгани алоҳида қайд этилди, дейилади хабарда.

«Олий комиссир БМТ тузилмаларининг Ўзбекистондаги ортга қайтмас ислоҳотларни қўллаб-қувватлашни давом эттириш нияти қатъий эканини тасдиқлади. Инсон ҳуқуқларини мониторинг қилишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва пенитенциар муассасалар ходимларини ўқитиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди», — дея қайд этилган хабарда.