Кўп йиллар давомида Кремний водийсидаги стартапларнинг асосий кредиторларидан бири саналиб келган АҚШ банки Silicon Valley Bank (SVB) нинг қулаши сўнгги кунларда барча жаҳон оммавий ахборот воситаларининг асосий мавзусига айланди. SVB банкротлигини АҚШдаги тижорат банклари орасида тарихдаги иккинчи йирик ва 2008 йилдаги молиявий инқироздан кейинги энг йирик банкротлик деб аташмоқда.

«Газета.uz» The New York Times, Washington Post ва Financial Times нашрларига асосланиб, Silicon Valley Bank қандай қилиб ва нега ёпилганлиги, шунингдек, бу ёпилиш молия ва технология соҳаларида қандай хавфларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида гапириб беради.

Silicon Valley Bank ҳақида нималар маълум?

Silicon Valley Bank 1983 йилда Калифорниянинг Санта Клара шаҳрида, Кремний водийсининг қоқ марказида ташкил этилган. Тез орада банк технологик компанияларнинг асосий кредиторларидан бирига айланди. SVB сайтидаги маълумотларга кўра, 2021 йилга келиб у технология ва тиббиёт соҳасида АҚШдаги венчур капитал стартапларининг «деярли ярми» билан ишлаган.

2022 йил охирига келиб, SVB 209 млрд доллар активларга эга бўлиб, шундан тахминан 175,4 млрд доллар депозитлар эди. Бунинг натижасида SVB капиталлашув бўйича АҚШ банклари орасида 16-ўринни эгаллади.

Банк депозитларни суғурталаш бўйича федерал корпорация (FDIC) томонидан суғурталанган, яъни банкрот бўлган тақдирда омонатчилар пулларининг бир қисмини ҳукуматдан оладилар.

Нега SVB банкрот бўлди?

The New York Times`нинг ёзишича, Silicon Valley Bank ўнлаб йиллар давомида йирик мақсадли стартаплар ушбу банкка омонатларини қолдирган ва маблағлар банк томонидан аксарият рақобатчилар каби тасарруф қилинган: узоқ муддатли қарзларни, масалан, ғазначилик облигациялари сотиб олиш ва омонатларнинг озгина қисмини нақд пулда ушлаб туриш.

«Фоиз ставкалари пастлигича қолар экан, бу инвестициялар оддий, аммо барқарор даромад келтиришни ваъда берарди. Аммо, маълум бўлишича, улар узоқ муддатли пухта режа бўлиб чиқмади», — дея таъкидлайди нашр.

Банк коронавирус пандемияси оқибатлари туфайли бир йилдан ортиқ вақт давомида ҳукумат томонидан рағбатлантириб турилган иқтисодий вазиятни умуман ҳисобга олмади. Натижада, Федерал заҳира тизими (ФЗТ) ўсиб бораётган инфляцияни тўхтатиш учун фоиз ставкаларини оширганида, бу облигацияларнинг бозор қиймати тушиб кетди.

Ушбу паст даромадли облигацияларни сотиш ўрнига, SVB уларнинг паст фоиз ставкаларига рози бўлган ҳолда уларни ўз портфелида сақлашга қарор қилди. Банкнинг асосий мижозлари — стартаплар бўлмаганда, режа иш бериши мумкин эди, деб ёзади Financial Times.

Технология саноатидаги таназзул фонида кўплаб IT-компаниялар даромадларининг пасайишига дуч келишди ва депозитдаги маблағларни оммавий равишда ечиб олишни бошлашди.

Бу банкни ўз балансини мустаҳкамлаш учун акцияларни сотишни бошлашга мажбур қилди. Бироқ, бу ҳаракат пулларини ечиб олишга шошилган технология инвесторлари орасида ваҳима қўзғатди. 11 март куни SVB акциялари кескин тушиб кетди, бу молиявий регуляторларни жараёнга аралашишга ва банкни ёпишга мажбур қилди.

SVB`нинг қулаши оқибатлари

Silicon Valley Bank`нинг қулаши молия бозорида ва технология соҳасидаги шокка сабаб бўлди. Дастлаб, молиявий экспертлар SVB банкротлиги АҚШ иқтисодиётига унчалик таъсир қилмайди, деб таъкидлашди. Охирги ойларда банкнинг асосий мижозларини ташкил этган венчур капиталистлар ва стартаплар минглаб ишчиларни ишдан бўшатди, бу эса миллий иқтисодиётга унчалик таъсир қилмади.

Маълум бўлишича, банк депозитларининг 90% дан ортиғи FDIC суғуртаси билан қопланган 250 000 АҚШ долларига тенг лимитдан ошиб кетган. Пул маблағларини ечиб олмаган компаниялар катта миқдорда пул йўқотиш ва ўз ходимларига иш ҳақини тўлай олмаслик эҳтимолига дуч келишди.

Бу бошқа банклардаги омонатларнинг хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирларни уйғотди, бу эса ушбу муассасалардан маблағларнинг чиқиб кетишига олиб келиши мумкин, дея таъкидлайди Washington Post.

«Бу стартаплар учун йўқ бўлиб кетиш даражасидаги ҳодиса ва инновацияларни 10 йил ёки ундан кўпроқ муддат орқага тортиб кетади», — дея таъкидлади Y Combinator стартап инкубаторининг бош директори Гарри Тан.

SVB банкротлиги оқибатлари қаторида бошқа бир қатор технология билан боғлиқ банкларнинг акциялари нархининг пасайиши ҳам кузатилмоқда. Калифорниядаги кўплаб технологик компанияларга хизмат кўрсатадиган First Republic Bank акциялари 22% га арзонлашди.

Ўтган ҳафта криптовалюталар билан ишлаган яна иккита АҚШ банки — Silvergate ва Signature`нинг ёпилиши билан вазият оғирлашди. SVB`нинг қулаши Signature Bank мижозлари орасида ваҳима қўзғатди, бу эса омонатларнинг ечиб олинишига олиб келди. Signature Bank`нинг аксарият омонатчилари, шунингдек, федерал суғурталанганлари, ўз ҳисобларида 250 000 доллардан ортиқ маблағни ушлаб туришган.

АҚШ расмийлари нима қилмоқда?

АҚШ Молия вазирлиги, Федерал захира тизими ва Федерал депозитларни суғурталаш корпорацияси иқтисодиётни ҳимоя қилиш ва банк тизимига ишончни мустаҳкамлаш учун «кучли чоралар» кўраётганликларини маълум қилишга шошилди.

Омонатчиларга фақат кафолатланган 250 000 АҚШ доллари эмас, балки SVB ва Signature Bank`даги омонатлари бўйича тўлиқ тўловлар ваъда қилинган. Бу мақсадлар учун солиқ тўловчиларнинг пуллари ишлатилмайди.

ФЗТ, шунингдек, янги кредит дастури — Bank Term Funding Program`ни ишга туширганини эълон қилди. У банкларга қисқа муддатли кредитлар беради, мижозлар омонатларини ечиб олишни бошлайдиган тақдирда, банкларда бунинг учун нақд пул бўлади.

АҚШ президенти Жо Байден ҳам баёнот берди. «Америкаликлар бизнинг банк тизимимиз хавфсиз эканлигига ишонч ҳосил қилишлари мумкин. Сизнинг омонатларингиз хавфсиз», — дея таъкидлади у.

Бизни янги молиявий инқироз кутаяптими?

The New York Times таъкидлаганидек, Silicon Valley Bank`нинг касодга учраши банк соҳасига кенгроқ таъсир қиладими ёки йўқми, ҳозирча аниқ эмас. Оқ уй бу 2008 йилдаги каби вазият эмаслигини айтди.

«Очиғини айтсам, молиявий инқироз даврида инвесторлар ва тизимли аҳамиятга эга йирик банкларнинг эгалари қўллаб-қувватланди… Биз яна бир бор шундай қилмоқчи эмасмиз», — деди АҚШ молия вазири Жанет Йеллен. «Биз омонатчилар ҳақида қайғурамиз ва уларнинг эҳтиёжларини қондиришга эътибор қаратамиз».

Шунга қарамай, Financial Times`нинг ёзишича, SVB`нинг қулаши банк секторини молиявий тартибга солишнинг камчиликларини кўрсатди. Фоиз ставкаларининг ошиши банклар учун хавф туғдиради.

Инфляция ўсишда давом этмоқда ва ФЗТ нархларни назорат остига олишга уринишда давом этади, бу эса рецессия қўрқувини кучайтиради, дея таъкидлайди Washington Post.