Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида мактаб ўқитувчиси ўқувчига тегажоғлик қилгани, қиз уксус ичиб, касалхонада ётгани, профилактика инспектори эса ишни кўрмаётгани бўйича журналист Шуҳрат Шокиржонов ўзининг Telegram каналида мурожаат эълон қилганди. Вилоят ИИБ ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Вазият юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.

Таъкидланишича,10 февраль куни Каттақўрғондаги мактабларнинг бирида синф раҳбари сифатида ишлаб келаётган ўқитувчи 6-синф ўқувчиси (қиз бола) 4 кун давомида дарс қолдиргани учун ундан отасини чақиришини сўраган. Мактабга эса ўқувчининг онаси келган. Мактаб маъмурияти у билан гаплашиб, қизининг мунтазам равишда дарс қолдирётганини билдириб, тушунтириш хати ёзиб беришини сўраган.

«У „ҳеч нарса ёзиб бермайман“ деб, мактабдан чиқиб кетиб, турмуш ўртоғига қизига ўқитувчиси тегажоғлик қилганини айтган. Шундан кейин ўқувчининг отаси келиб, синфхонада гуруҳ раҳбарига бақириб, уни қўпол сўзлар билан ҳақорат қилиб, ёқасидан тортиб, жанжал кўтарган. Қизнинг онаси ҳамда ўқувчи қизнинг тушунтириш хатида ўқитувчининг тегажоғлик қилгани тўғрисидаги важлари ўз тасдиғини топмаган», — дейилади хабарда.

Тўпланган ҳужжатлар юзасидан отанинг хатти-ҳаракатида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик), аёлникида эса 40-моддасида (Туҳмат) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари борлиги сабабли қарор қабул қилиш учун ЖИБ Каттақўрғон тумани судига юборилган.

Суд органи томонидан ўқувчининг ота-онасига нисбатан жарима қўлланди.