Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент, Жиззах ва Андижон вилоятларида ер сотиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларни аниқлади, дея хабар бермоқда ЎзА.

Хусусан, Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги чорвачиликка ихтисослашган ферма раҳбари, унинг отаси ва Қибрай туманидаги маҳаллалардан бирининг раиси фермага тегишли 270 гектар ва унга туташ бўлган туман ҳокимлиги захирасидаги 150 гектарни, жами 420 гектар ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб беришни билдиргани, бунинг эвазига 700 минг доллар талаб қилгани айтилмоқда.

ДХХнинг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари тезкор тадбирда уларни сўралган пулдан 100 минг долларни олдиндан олаётган вақтида ушлаган.

Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган ферма раҳбари эса тумандаги бошқа 2 та МЧЖга қарашли 50 гектар ер майдони ўзига тегишли эканини айтиб, харидорга 60 минг долларга сотишни режалаштирган.

Шунингдек, ушбу 50 гектар ердан 30 сотихини вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутахассиси ёрдамида нотурар жой сифатида расмийлаштириб бериш эвазига қўшимча 4 минг доллар сўраган.

ДХХ Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари тезкор тадбирда ферма раҳбари ҳамда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутахассиси харидордан 64 минг доллар олган вақтида ушланган.

Андижон вилояти Олтинкўл туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган фуқаро туман ҳокимлиги захирасида бўлган 144 квадрат метр бўш ер майдони ўзига тегишли экани, кадастр тизимида ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб беришни айтган. Бунинг эвазига 38 минг доллар олган вақтида ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.