12 март куни оммавий ахборот воситалари ҳамда Facebook ижтирмоий тармоғида Самарқанд шаҳри, Мироншоҳ кўчаси, 6-манзилда жойлашган хусусий мулкда бўлган моддий маданий мерос объектининг авария ҳолатга келиб қолгани юзасидан маълумотлар тарқалган. Маданий мерос агентлигининг маълум қилишича, шу ҳолат юзасидан ҳудудий бошқарма томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган.

Мазкур турар-жой биноси 2019 йил 4 октябрдаги Вазирлар Маҳкамаси қарори билан «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Миллий рўйхатига киритилган ва маҳаллий аҳамиятдаги моддий маданий мерос объекти ҳисобланади.

2015 йил 10 декабрда Мироншоҳ кўчаси 4-манзилда «Афросиёб Хосият Бегим Макони» МЧЖ томонидан қурилиш ишлари жараёнида оғир техникаларнинг юриши, 8−10 метрли котлаван қазиш ва қурилиш ишларнинг олиб борилиши оқибатида маданий мерос объектининг деворларида ёриқлар пайдо бўлиб, айрим деворлар йиқилиб тушгани аниқланган ва шу куннинг ўзида далолатнома расмийлаштирилиб, жараённи тўхтатиш сўралган.

Шундан сўнг хусусий тадбиркорга яна бир неча бор огоҳлатириш берилишига қарамасдан қурилиш ишлари давом эттирилиб келинган ва бунинг натижасида маданий мерос объектига янада жиддий зарар етказилган.

2016 йил 1 июль куни маданий мерос объектини техник ҳолати ўрганилиб, далолатнома тузилган ва ҳуқуқни муҳофаза қиливчи органларга мурожаат қилинган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ҳукми билан Мироншоҳ кўчаси 6-манзилда жойлашган маданий мерос объектининг қисман бузилиб ўта оғир авария ҳолатига келиб қолишига сабабчи бўлган фуқаро О.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 132-моддаси 2-қисми (Моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш) билан айбли деб топилиб қонуний чора кўрилган.

Хусусий тадбиркор томонидан турар жой биносига етказилган зарар оқибатида маданий мерос объектининг тарихий, маданий, бадиий аҳамиятига жиддий зарар етказилган. Тарихий мулкка нисбатан жиддий зарар етказгани сабабли тадбиркорга нисбатан озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилган.

«Ҳозирги кунда ҳудудий бошқарма томонидан авария ҳолатига келиб қолган объектни асраб қолиш ёки тарихий аҳамиятини ёқотган деб топиш юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда», — дейилади агентлик хабарида.