Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда вилоятдаги хонадонларнинг бирида итлар сўйилгани акс этган видео юзасидан муносабат билдирди.

4 март куни «Меҳр ва оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамиятига Аҳмад Яссавий колхозида жойлашган уйларнинг бирида итлар шафқатсизларча ўлдирилаётгани тўғрисида мурожаат келиб тушган. Жамият волонтёрлар ИИБ ходимлари билан уйга борган ҳамда ҳовлида қон ва ўнлаб ит териларини кўрган.

Хусусан, улар 35 та ит ва 9 та кучукни сақлаб қолишга муваффақ бўлган. 10 та ит «Кавчег» бошпанасига, қолганлари эса «Меҳр» марказига олиб кетилган.

Юқори Чирчиқ тумани ИИБнинг аниқлашича, Аҳмад Яссавий маҳалласида яшовчи 1986 йилда туғилган фуқаро В.Х. ўзининг яшаш хонадонида 25 дона итни санитария қоидаларига зид равишда сақлаган ва уларни сўйиб келган.

Ҳозирда туман ИИБ ва Ветеринария бўлими ҳамкорлигида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Сўйилган итларнинг сони ва ушбу фуқаронинг итларни сўйишдан кўзлаган мақсадларига ойдинлик киритиш жараёни кетмоқда.

Суриштирувлар давомида аниқланган маълумотларга кўра қонуний чора кўрилиши таъминланади, дейилади хабарда.