Наманганда ўтказилган тезкор тадбирларда катта миқдордаги наркотик моддаларнинг «ўзбек-қирғиз» давлат чегарасидан ноқонуний ўтказилган ҳолати аниқланди, дея хабар қилмоқда ДХХ ахборот хизмати.

Хусусан, давлат чегарасининг Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида номаълум шахслар томонидан қолдириб кетилган 14 кг 512 гр «гашиш» моддаси борлиги аниқланди.

«Наманган-Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган автомашинада Фарғона вилоятида туғилган фуқарога тегишли қўл сумкаси ичида 50 гр «героин» моддаси, 672 дона «Регапен» ва 300 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, Қирғизистон фуқароси томонидан Янгиқўрғон тумани ҳудудига контрабанда йўли билан ўтказилган гиёҳвандлик воситаларини 1800 АҚШ долларига сотиб олган, бухоролик шахс ҳам Оҳангарон туманидаги «Чинор» ЙПХ масканида ушланди.

Мазкур шахслар талабалар ҳисобланиб, улар пойтахтда наркотик моддалар савдоси билан шуғулланган.