Самарқандда 14 яшар қизни машинасида алдаб олиб қочган шахс қамоққа олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Таъкидланишича, жорий йилнинг 8 март куни соат тахминан 08:00 ларда 1985 йилда туғилган фуқаро С. У. маст ҳолда оқ рангли Nexia 3 машинасида Самарқанднинг Даҳбед кўчасидаги ўқув маркази олдида турган 2009 йилда туғилган вояга етмаган қизга ўзини киракаш, деб таништиради. Шундан сўнг, уни уйига олиб боришини айтиб, алдаб машинага ўтқазиб, қизнинг хонадонига олиб бормасдан, автомашинани бошқа томонга бошқариб кетган.

«Вояга етмаган қиз машинадан тушмоқчи бўлганида, фуқаро С. У. машина эшикларини қулфлаб қўйган ва транспорт воситасини Оқдарё туманидаги Бошдархон МФЙ, Янги обод қишлоғигача бошқариб боради. Автомашина шинаси босими чиқиб кетганлиги сабабли С. У. пастга тушиб, ғилдиракларга қараётган вақтида қиз машинадан қочиб кетади ва ўша ердаги фуқаролардан ёрдам сўраган», — дейилади ахборотда.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан қизнинг яқинлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза билан мурожаат қилган.

Шундан сўнг, олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида С. У. қўлга олинган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 137-моддаси (одам ўғирлаш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи процессуал тартибда қамоққа олинган.