9 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасини муҳокама қилиб, лойиҳа бўйича референдум ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.

Конституциявий қонун лойиҳасида амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритиш, моддалар сонини 128 тадан 155 тага ошириш режалаштирилган.

Унинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаяди, яъни амалдаги Конституция 65 фоизга янгиланмоқда. Амалдаги 128 та моддадан 91 тасига концептуал ўзгариш киритилмоқда.

Хусусан, «давлат — жамият — инсон» тамойилини «инсон — жамият — давлат» дея ўзгартириш таклиф қилинмоқда. Бундан ташқари «Ўзбекистон — ижтимоий давлат» дея эълон қилинмоқда. Бунда давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар қарийб 3 баробар ортади.

Келтирилишича, янги Конституция лойиҳасида таълим соҳасида ҳам кўплаб нормалар келтирилмоқда, хусусан, ёшларнинг олийгоҳларда давлат ҳисобидан грант асосида ўқиш ҳуқуқи бунга мисолдир.

Лойиҳада давлат ҳокимиятининг бир қатор лавозимларига нисбатан айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ ушбу лавозимга сайланиши (тайинланиши) мумкин эмаслигига оид демократик қоида киритилмоқда.

Булар

  • Қонунчилик палатаси спикери;
  • Сенат раиси;
  • Ўзбекистон президенти;
  • вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари кенгашининг раиси;
  • ҳоким;
  • Олий суднинг раиси ва раис ўринбосари;
  • Судьялар олий кенгашининг раиси ва раис ўринбосари;
  • Марказий сайлов комиссиянинг раиси, бош прокурор лавозимларидир.

Қолаверса, баъзи аҳоли вакиллари томонидан эътироз билдирилгани сабабли амалдаги Конституциянинг XVII боби: 70−75-моддаларга таклиф этилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам лойиҳадан чиқариб ташланмоқда. Бу бобга Қорақалпоғистон Республикасига оид нормалар киритилган.

Шунингдек, бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш ваколати Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатига ўтказилмоқда. Бош вазир номзодини Қонунчилик палатасига тақдим қилишдан олдин президент билан маслаҳатлашилади. Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин президент бош вазирни лавозимга тайинлайди.